Афғонистонда 4 нафар “Шелби” ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
10 Декабрь 43192 2 дақиқа
“Толибон” ҳаракати Афғонистонда “Шелбилар оиласи” каби кийинган тўрт йигитни “чет эл маданиятини тарғиб қилиш”да айлаб, ҳибсга олди. Бу ҳақда “Tolo News” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Жаброил шаҳарчасидаги тўрт нафар йигитнинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалган. Улар “Шелбилар оиласи” сериалининг асосий қаҳрамонлари – Шелби оиласининг кийим ва ташқи кўриниш услубида кийиниб, кўчаларда юрган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бу тўрт йигитга “Жаброил оиласи” деб лақаб қўйган ва улар катта эътибор қозонган. Бироқ “Толибон”нинг Амр бил маъруф вазирлиги бу ёшларнинг хатти-ҳаракатларини “исломий қадриятлар ва Афғонистон халқининг маданиятига зид” деб топган. Вазирлик матбуот котиби улар билан тегишли чоралар кўрилишини айтган.
Шунингдек, вазирлик вакили ушбу йигитлардан бирининг қилмишидан афсусда экани акс этган видеони ҳам саҳифасида эълон қилган. Унда йигит қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Вазирлик матбуот котиби уларнинг хатти-ҳаракатларини исломий қадриятларга зид деб атаган.
Маълумот учун, “Шелбилар оиласи” бу – инглиз кинорежиссёри Стивен Найт томонидан яратилган машҳур Британия криминал-драматик сериал бўлиб, 2013 йилда илк бор эфирга чиққан. Сериал бир неча мамлакатларда машҳурликка эришган ва ҳозиргача энг оммабоп тарихий драмалардан бири ҳисобланади. Қаҳрамонларнинг кийимлари 1920 йиллар Британия эркак модасига асосланган. Асосий элементлари: кепка олдига пичоқ тикилган, костюм, узун пальто, оқ кўйлак ва бўйинбоғ, чарм туфлилар, занжирли чўнтак соати ва бошқа аксессуарлар. Соч орқага таралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” хитойликларга ҳужум қилган 2 кишини ҳибсга олганди.
Live
Барчаси