АҚШ Эрондан нима хоҳлайди ёхуд Трамп янги олий раҳнамоми?
Таҳлил
−
03 Март 5500 7 дақиқа
Америка ҳарбий базаларида ракеталар сони деярли тугаганига оид хабарлар тарқалди. Трамп бу масалага икки хил жавоб берди: бирида у Америка базаларининг чексизлигини таъкидлади, иккинчисида эса аввалги президент Жо Байденнинг Америкадаги қуролларнинг барчасини Украинага бергани учун ғазабланаётганини айтди. Шу билан бирга, дунёнинг бошқа қитъасида Ким Чин Ин Шимолий Кореяда ядровий қуролга эга бўлишига қарамай, унга нима учун ҳужум қилинмаётгани ҳақида ҳайратини яширмади. Яқин дақиқаларда Эрон-Исроил-АҚШ урушининг энг нозик томонлари ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Нефть назоратини йўқотганидан ғазабланган АҚШ
Трамп Эронга қарши ҳарбий операциянинг тўртта асосий мақсадини санаб ўтди: Эроннинг ракета салоҳиятини заифлаштириш, мамлакат ҳарбий-денгиз кучларини йўқ қилиш, Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш ва унинг прокси кучларини тийиб туриш. Шу билан бирга, ядро қуролдан ташқари қора олтин – нефтнинг ҳам бу стратегияда муҳим ўрни бор.
Тарихга назар ташласак, 1953 йилда Эрон бош вазири Моҳаммад Мосаддеҳ мамлакат нефть саноатини миллийлаштиргани АҚШ-Эрон муносабатларини кескинлашишига сабаб бўлган. Бу қарорни ёқтирмаган АҚШ ва Англия Эрон ҳукуматига қарши МРБ ва Британия махсус хизматлари ёрдамида давлат тўнтаришини амалга оширди ва ҳокимиятга Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни олиб келди. Эрон жамиятида айнан шу воқеа “АҚШ аралашуви” сифатида чуқур из қолдирди.
1979 йилда Ислом инқилоби натижасида Шоҳ Паҳлавий ағдарилди ва Эрон бошқаруви Руҳоллоҳ Хумайний қўлга ўтди. Шу йилнинг ўзида Теҳрондаги АҚШ элчихонаси босиб олиниб, 52 америкалик 444 кун давомида гаровда сақланди. Натижада АҚШ Эрон билан дипломатик алоқаларни узди ва икки давлат ўртасида расмий муносабатлар йўққа чиқди.
1980 йилда АҚШ Эронни террор ташкилотларини қўллаб-қувватлашда айблади, Эрон эса ўз навбатида АҚШни ҳудудий аралашувларда айблади. 1988 йилда АҚШ ҳарбий кемаси Эрон йўловчи самолётини уриб туширди ва 290 киши ҳалок бўлди. 2002 йилдан бошлаб Эроннинг яширин ядровий объектлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди, шу йил АҚШ президенти Жорж Буш Эронни “ёвузлик ўқи” давлатлари қаторига киритди. 2015 йилда Барак Обама даврида Эрон билан ядровий келишув имзоланди, аммо 2018 йилда Дональд Трамп бу келишувдан чиқди ва Эронга қарши санкцияларни янада кучайтирди.
70 йиллик тортишув ва зиддиятлар оқибатида Исроилнинг турткиси билан АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро 3 кун олдин яна кучайиб кетди.
Сирли ҳужжатлар ва урушнинг бошланиши
Бу урушни аслида Исроил бошлади. Исроил давлати яратилганидан бери Эронни ўзига энг катта хавфлардан бири деб ҳисоблайди. 2000 йилларда Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши эса Исроилни янада агрессив ва эҳтиёткор бўлишга мажбур қилди. Исроил АҚШ кучларисиз Эронга ҳужум қила олмас эди, шунинг учун бу урушни АҚШнинг сояси ва кўмагида амалга оширди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху бир неча бор Эронни “Исроил учун экзистенсиал хавф” деб атади. Шу ўринда расман тасдиқланмаган, аммо дунё ОАВларида тез-тез янграб турадиган бир қизиқ маълумотни айтиб ўтиш лозим. АҚШда йил бошида Эпштейн иши дунё ахборотининг энг шов-шувли янгиликларидан бири бўлди. Миш-мишларга кўра, Трамп Эронга ҳужум қилишни истамаган ва шундан сўнг АҚШ тарихида яхши обрў билан из қолдираётган Дональд Трампнинг ёшлигидаги кўнгилхушликлари акс этган тасвирлар аста-секин сирли равишда тарқатила бошлаган.
Очилмаган кўплаб ҳужжатлар ва файллар мавжуд эди. Воқеанинг сирли жиҳати шундаки, Эронга ҳужум қилинишидан бир неча кун олдин бу файллардаги барча Трампга тегишли ҳужжатлар ғойиб бўлган. Шу билан бирга, юқоридаги маълумотлар ҳали расман тасдиқланмаган. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ томонидан аллақачон Эрон билан уруш режаси ишлаб чиқилганини ва Трампнинг президентликнинг иккинчи муддати бошланишидан олдин Эрон билан уруш қарори қабул қилинганини маълум қилди.
Шимолий Корея, Украина ва Хитой хавотирда
Зеленский Эрондаги урушнинг Украинага қурол етказишга таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда. Президентнинг таъкидлашича, ҳозирча Украина иттифоқчилардан келаётган қурол етказиб бериш ҳажмида камайиш кузатилмаяпти. Шу билан бирга, у Яқин Шарқда узоқ давом этадиган ҳарбий можаро юзага келса, бу хавфларнинг ортиши мумкинлигини тан олган ва бундай ҳолат қурол етказиб беришга таъсир қилиши мумкинлигини айтган.
“Ҳозирча таъсирни кўраётганимиз йўқ. Кутганимиздек, етказиб беришлар камаймади, лекин фақат бир кун ўтди, шунинг учун хулоса чиқаришга эрта”, деган Зеленский.
У, шунингдек, Украина халқаро вазият мураккаблашган тақдирда ҳам ўз мудофаа ишлаб чиқаришини барқарор молиялаштириш устида ишлаётганини айтган. Президентнинг сўзларига кўра, мамлакат Европа Иттифоқи томонидан ажратилиши режалаштирилган 90 миллиард евро миқдоридаги ёрдамнинг блокланиб қолмаслиги учун ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ким Чен Ин АҚШнинг Эронга ядро қуроли хавфи сабабли ҳужум қилмаслигидан ҳайратини яширмади. Унинг айтишича, агар фақат ядро қуроли хавфи асосида ҳужум қилинаётган бўлса, нега Шимолий Кореяга ҳужум қилинмаганини тушунмайди. У Эрон истаса уларга қанча ракета керак бўлса шунча беришга тайёрлигини ва битта ракета билан бутун мамлакатни ёқиб юбориши мумкинлигини қўшимча қилган.
“Агар Эрон истаса, биз уларга Исроилга қарши ракеталар бера оламиз. Шундай ракеталардан атига биттаси бутун Исроилни йўқ қилиши мумкин”, деган у.
Ҳозирда жаҳонда ядровий қуролга эга деб ҳисобланадиган тўққиз давлат мавжуд: Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил ва Шимолий Корея. Улардан фақат биринчи бештаси Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасида расман тан олинган. Нозик жиҳат шундаки, Эрон расмий равишда ядровий қуролга эга эмас, лекин унинг ядровий дастури туфайли Яқин Шарқдаги можаро кучайган.
Хитой эса вазиятни диққат билан кузатмоқда. Чунки, Эрон Яқин Шарқдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлатлардан бири. Агар уруш кенгайиб, Эрон нефть экспорти тўхтаса, Хитойнинг энергетик хавфсизлиги хавф остига тушади. Нефть нархи жаҳон бозорида кескин кўтарилиши мумкин, бу эса Хитой импорт харажатларини оширади. Шунингдек, Эрон билан яқинда тузилган иқтисодий ва инвестицион шартномалар ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Америка ҳарбий базаси танг ҳолатга келиб қолдими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп аввалига бу уруш тўрт ҳафта давом этади, деган бўлса, 2 март кунги нутқида унинг беш ҳафтагача чўзилиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, у собиқ президент Жо Байденни юқори аниқликдаги қуролларни Зеленскийга чекланмаган миқдорда, бепул ва АҚШ захираларини тўлдирмасдан берганликда айблади.
Бироқ Трамп Америка урушдан зерикмаслигини, қанча керак бўлса шунча жанг қилишини таъкидлади ва бунинг учун Американинг чексиз базалари мавжудлигини эслатди. Шу билан бирга, АҚШга яқин манбаларнинг ёзишича, мамлакатда саноқли ракеталар қолган, аммо ерости ишлаб чиқариш захиралари ҳам мавжуд бўлиши мумкин.
Трамп “Эпик ғазаб” операцияси доирасида АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳудудида кенг кўламли жанг ҳаракатларини давом эттираётганини айтди. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад – Америка учун “ўлимли таҳдид” деб баҳоланган Эрон режими хавфини бартараф этишдир.
Президентнинг сўзларига кўра, Эрон узоқ масофали ракеталар ва ядровий қуролга эга бўлса, бу нафақат Яқин Шарқ, балки бутун Америка халқи учун қабул қилиб бўлмайдиган хавф туғдиради. Трамп собиқ президент Барак Обама даврида имзоланган Эрон ядровий келишувини танқид қилиб, уни бекор қилганидан фахрланишини билдирди.
У шунингдек, Эрон режими қарийб 47 йил давомида АҚШга қарши ҳаракат қилиб келганини ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни биринчи президентлик муддати давомида йўқ қилганини эслатди. Трамп ҳозирги ҳаракатларни эса “охирги ва энг яхши имконият” деб атади.
Live
Барчаси