АҚШ Россия байроғи остидаги кемани ушлади

Олам

image

АҚШ Венесуэлага алоқаси бўлган Marinera номли нефть танкерининг қўлга олинганини эълон қилди. Ушбу танкер Атлантика океани бўйлаб икки ҳафтадан ортиқ давом этган қидирувдан сўнг номини ўзгартирган ва Россия байроғи билан ниқобланган. Бу ҳақда  BBC хабар берди.

Bella 1 (Marinera) номи билан танилган танкер Шимолий Атлантика ҳудудида АҚШ федерал суди берган ордер асосида қўлга олинган. Уни АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати кемаси – USCGC Munro кузатиб борган.

Хабарда айтилишича, танкернинг қўлга олиниши АҚШ Адлия вазирлиги, Ички хавфсизлик вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган.

“АҚШ Президенти фармонига мувофиқ, Америка санкциялари остидаги ҳамда Ғарбий яримшарнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи кемаларга қарши чоралар кўрилмоқда”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, АҚШ Жанубий қўмондонлиги Кариб денгизи ҳудудида “соя флоти”га мансуб яна бир танкер – Sophia қўлга олинганини билдирди.

Ҳарбийларнинг айтишича, бу кема ҳам АҚШнинг “қора рўйхати”га тушган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда Ғарб ОАВларида АҚШ Россия байроғи остида ҳаракатланган Marinera танкерини қўлга олишни бошлагани ҳақида хабарлар сиздирилганди.

Гаяна байроғидан Россия байроғига ўтган ушбу танкер Президент Трамп Венесуэлага босимни бошлаганидан кейин АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати томонидан тўхтатилишга уринган кемалардан бири саналади.
Россия Транспорт вазирлиги Marinera танкерининг қўлга олиниши юзасидан баёнот бериб, АҚШ ҳаракатларини ноқонуний деб атаган.

“1982 йилги БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, очиқ денгизда кемалар эркин сузиш ҳуқуқига эга. Ҳеч бир давлат бошқа давлат юрисдикциясида рўйхатдан ўтган кемаларга нисбатан куч ишлатишга ҳақли эмас”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик маълумотига кўра, танкер 2025 йил 24 декабрда Россия давлат байроғи остида вақтинчалик сузиш рухсатини олган.

Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Marinera танкерида Россия фуқаролари борлигини маълум қилиб, АҚШни уларнинг ватанига қайтишига тўсқинлик қилмасликка чақирган. Москва, шунингдек, америкаликлардан россияликларга инсоний муносабатда бўлишни талаб қилди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт журналистлар учун ўтказилган брифингда Marinera танкерини қўлга олишга рухсат берган суд қарори унинг экипажига ҳам тааллуқли экани, яъни улар АҚШга олиб борилиши ва жавобгарликка тортиши мумкинлигини айтди.

“The Wall Street Journal” нашри номаълум АҚШ расмий манбасига таяниб ёзишича, Москва Marinera танкерига ҳарбий-денгиз флоти воситалари, жумладан синфи ошкор қилинмаган сувости кемасини ҳам юборган.

АҚШ маълумотига кўра, юк ташимаган танкер аввалроқ Венесуэла нефтини ташиш учун ишлатилган ва 6 январь куни Шотландия билан Исландия ўртасида сузиб юрган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати АҚШга дипломатик сўров юбориб, Эрондан Венесуэлага йўл олган Bella 1 нефть танкерини қўлга олишга уринишларни тўхтатишни талаб қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Marinera Bella 1

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг