АҚШ ва Эрон 60 кунлик сулҳга келишиб олди – ОАВ

Олам

image

АҚШ ва Эрон музокарачилари икки ойлик муддатга ўт очишни тўхтатиш, Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни бошлаш ҳамда Ҳормуз бўғозини блокдан чиқаришни назарда тутувчи “60 кунлик меморандум”ни келишиб олди. Бу ҳақда “Axios” нашрига икки нафар АҚШ мулозими ва воситачилик ҳаракатларида қатнашаётган минтақавий манба маълум қилган.  

Нашрнинг ёзишича, бироқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳозирча бу масала бўйича узил-кесил қарор қабул қилгани йўқ. Америка маъмуриятининг юқори мартабали вакили сўзларига кўра, Трамп “якуний қарорга келишдан олдин бир неча кун ўйлаб олмоқчи”.

Эришилган келишувларга кўра, Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатнови “чекловларсиз” – Эрон кучлари томонидан ҳеч қандай божлар, ушлаб туришлар ва таъқибларсиз амалга ошириладиган бўлади. Эрон 30 кун ичида бўғоздаги барча миналарни тозалаши шарт. АҚШ эса бунга жавобан денгиз қамалини олиб ташлайди, бироқ бу жараён тижорат кемалари қатновининг тикланишига мутаносиб равишда (босқичма-босқич) амалга оширилади. Меморандум, шунингдек, Эроннинг ядровий қурол яратишга интилмаслик мажбуриятини ҳам ўз ичига олади.

60 кунлик сулҳ даврида музокараларнинг биринчи галдаги масалалари юқори даражада бойитилган уранни утилизация қилиш (йўқ қилиш) ва Эрон томонидан уранни бойитиш муаммосини ҳал этишдан иборат бўлади. АҚШ эса, ўз навбатида, санкцияларни юмшатиш, Эроннинг музлатилган маблағларини блокдан чиқариш ҳамда Теҳроннинг зарур товарлар ва гуманитар ёрдам олиши учун махсус механизм яратишни муҳокама қилиш мажбуриятини олади.

АҚШ расмий шахсларининг таъкидлашича, келишув шартлари асосан жорий йил 26 май кунига қадар мувофиқлаштирилган ва эронликлар барча зарур рухсатлар мавжудлиги ҳамда ҳужжатни имзолашга тайёр эканликларини билдирган (Теҳроннинг ўзи буни ҳозирча расман тасдиқлагани йўқ).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти ва унинг маслаҳатчилари Эрон билан келишув тузишга яқин эканликларини бир неча бор маълум қилган, бироқ бу иш ҳалигача амалга ошмай келаётган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон сулҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг