АҚШ ва Гренландия бўйича музокаралар ўтказилади
Олам
−
11:31 802 1 дақиқа
Кеча, 13 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида Дания Бош вазири Метте Фредериксен АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашувдан сўнг Гренландия масаласи юзасидан қўшимча музокаралар олиб борилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Унда Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен ҳам иштирок этган. Томонлар оролни бошқариш ва келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Музокаралар махсус ишчи гуруҳ даражасида давом эттирилиши қайд этилган.
Мазкур учрашув АҚШ Президенти Дональд Трамп Гренландияни эгаллаш ёки уни назоратга олиш эҳтимоли ҳақида бир неча бор баёнот берганидан кейин ўтказилган. Трамп журналистларга бир неча марта бу борада музокаралар давом этаётганини билдирган.
АҚШ маъмурияти Гренландия масаласини Россия ва Хитой билан боғлиқ миллий хавфсизлик омиллари билан изоҳламоқда. Данияда эса АҚШ элчихонаси олдида бунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Сўровномаларга кўра, АҚШ фуқароларининг аксарияти Трампнинг Гренландияни АҚШ ҳудудига айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватламайди. Ҳатто, республикачилар орасида ҳам бу режага қаршилар кўпчиликни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Гренландия аҳолиси оролнинг АҚШга қўшилиши учун овоз берадиган бўлса, ҳар бир фуқарога 1 миллион доллар миқдорида тўлов таклиф этиш имкониятини кўриб чиқишини айтганди.
Жамшидбек Амиров
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль