АҚШнинг ҳозир Украинага ажратадиган вақти йўқ – Зеленский
Олам
−
15 Апрель 3320 2 дақиқа
АҚШ ҳозир Эрон билан боғлиқ уруш ва музокаралар билан бандлиги сабаб Украинага етарлича вақт ажрата олмаяпти. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг фикрича, агар Эрон атрофидаги уруш чўзилса, Украинага бериладиган қурол ва ёрдам миқдори камаяди. Зеленский айниқса, Украина армиясида “Patriot” ҳаво мудофаа тизимлари етишмаётганини таъкидлаган ва ҳозир вазият жуда оғир эканини айтган.
Шу билан бирга, Зеленский Германияни Украинанинг энг муҳим стратегик ҳамкори деб атаб, Германия айни дамда Украинага АҚШдан ҳам кўпроқ ёрдам бераётганини айтган.
У, шунингдек, Украина Европа Иттифоқига киришни жуда муҳим деб билишини, чунки бу мамлакат учун сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан фойдали эканини билдирган. НАТОга кириш эса қийинроқ бўлиши мумкинлигини, чунки баъзи давлатлар бунга қарши чиқиши эҳтимоли борлигини қўшимча қилган.
Украина фуқароларининг эркин ҳаракатланишини тақиқлай олмаслигини ҳам билдириб, кўплаб украиналик эркакларнинг Германияга кетиши Германия учун катта юк бўлаётганини тан олган.
Унинг айтишича, АҚШ вакиллари ҳозир кўпроқ Эрон билан музокаралар билан банд бўлгани учун Украина масаласи бироз орқада қолиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Владимир Зеленский баёнот бериб, АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг кескинлашуви фонида Киев “Patriot” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб берилиши қисқаришига тайёргарлик кўраётганини билдирганди.