Андижонда “шоввозлар” солиқ тизимини 35,1 млрд сўмга “ухлатди”
3-саҳифа
−
02 Июнь 7283 2 дақиқа
Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Soliq Mobile” иловаси орқали 35,1 миллиард сўм маблағлар кешбек сифатида талон-торож қилингани фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этган. Ушбу 9 та МЧЖ ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда 2026 йилнинг март-апрель ойларида жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштирган. Шундан сўнг, гўёки савдодан тушган пул маблағларини онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида харид чекларини чиқариб, жами 100 458 нафар фуқарога “Soliq Mobile” иловаси орқали кешбек сифатида тўлаб берилганлиги оқибатида, 35,1 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ўз навбатида, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 триллион сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилгани ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмагани, шунингдек шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ва Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳамда Охангарон шаҳрида жами ярим миллиард сўмдан кўпроқ электр энергиясини талон-тарож қилганлар аниқланган эди.
Live
Барчаси