АПЛда пешқадам очко йўқотди

Спорт

image

Кеча, 30 ноябрь куни Англия Премьер-лигасининг 13-тур учрашувлари якунланди. Бу тур мухлисларга Лондон дербисини томоша қилиш имконини берди. “Челси” ва “Арсенал” ўртасидаги тўқнашув “жанговар” дуранг билан якунланди. Пеп Гвардиола шогирдлари эса турда “Лидс Юнайтед”ни мағлуб этди. Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг “Ливерпул” сафарда “Вест Хэм Юнайтед” майдонида муҳим ғалабага эришди.

“Брентфорд” 3:1 “Бёрнли”

“Брентфорд” ўз уйида ишончли ўйин кўрсатиб, рақибга имконият қолдирмади. “Бёрнли” эса ҳужумдаги йўқотилган вазиятлар туфайли очколардан маҳрум бўлди. Мағлубият натижасида “Бёрнли” жадвалда пастки поғоналарга тушиб кетди.

“Манчестер Сити” 3:2 “Лидс Юнайтед”

“Манчестер Сити” учрашувни 1-дақиқадаги тезкор гол билан бошлади. Биринчи бўлимда ҳисобда устунлик қилган “шаҳарликлар” иккинчи бўлимда бироз хотиржамликка берилди ва “Лидс Юнайтед” ҳисобни тенглаштирди. Бироқ қўшиб берилган дақиқаларда Фоден гол уриб, мезбонларга ғалабани таъминлади. Ушбу баҳсда Абдуқодир Ҳусанов захирада қолди.

“Сандерленд” 3:2 “Борнмут”

“Борнмут” биринчи бўлим аввалида 2:0 ҳисобида олдинга чиққан бўлса-да, “Сандерленд” камбэк эвазига якуний ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди ва ғалабани расмийлаштирди.

“Эвертон” 1:4 “Ньюкасл”

Ўтган турда “Олд Траффорд”дан ғалаба билан қайтган “Эвертон” ўз майдонида мағлубиятга учради. “Ньюкасл” учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ устунликни қўлга киритиб, сафарда йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди.

“Тоттенхэм” 1:2 “Фулхэм”

“Тоттенхэм” кутилмаган мағлубиятга учради. “Фулхэм” ўйинни фаол бошлаб, дастлабки босим натижасида ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳисобни қисқартиришга эришди, бироқ бу очко олиш учун етарли бўлмади.

“Кристал Пэлас” 1:2 “Манчестер Юнайтед”

“Манчестер Юнайтед” кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг муҳим ғалабани қўлга киритди. Жамоа дастлаб ўз дарвозасидан гол қабул қилиб олган бўлса-да, иккинчи бўлимда икки марта жавоб қайтариб, узоқ кутилган уч очкони қўлга киритди.

“Астон Вилла” 1:0 “Вулверхэмптон”

Унаи Эмери шогирдлари кичик ҳисобда ғалаба қозониб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилди. “Вулверхэмптон” эса атиги 2 очко билан мавсумнинг энг омадсиз жамоаси бўлиб турибди.

“Ноттингем Форест” 0:2 “Брайтон”

“Брайтон” сафарда ишончли ўйин намойиш этиб, “Ноттингем Форест” дарвозасини икки бор ишғол қилди. Бу ғалаба жамоага юқори ўринлар учун курашни давом эттириш имконини берди.

“Вест Хэм” 0:2 “Ливерпуль”

“Ливерпуль” кетма-кет мағлубиятлардан сўнг сафарда “Вест Хем” ни мағлубиятга учратди. Исак ва Гакпонинг голлари “қизиллар”га муҳим 3 очко келтирди.

“Челси” 1:1 “Арсенал”

Турнинг марказий учрашуви Лондонда бўлиб ўтди. “Челси” биринчи бўлимда бир киши кам қолганига қарамай, иккинчи бўлимда ҳисобни очди, бироқ ундан кўп ўтмай турнир пешқадами “Арсенал” ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа жамоалар бир очкодан бўлишиб, дербини дуранг билан якунлади.

Маълумот учун, якунига етган тур учрашувларидан сўнг Лондоннинг “Арсенал” жамоаси 30 очко билан пешқадамликни давом эттирмоқда. “Манчестер Сити” 25 очко жамғарган ҳолда, иккинчи, “Челси” эса 24 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. Навбатдаги тур учрашувлари эртага, 2 декабрь кунидан бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Англия Премьер-лига Лондон дербиси 13-тур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг