Арманистонда Женнифер Лопезнинг концертидан сўнг стадион жиддий зарарланди
Спорт
−
07 Август 80483 2 дақиқа
Жорий йилнинг 3 август куни америкалик мегаюлдуз Женнифер Лопез Арманистондаги Республика стадионида “Up All Night – Live in 2025” гастрол сафари доирасида концерт берди. Мазкур концерт дастуридан сўнг Республика стадионининг чими оғир аҳволга келган. Бу ҳақда “Sputnik Армения” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, чим нафақат ёмон, балки жуда ёмон ҳолатда. Уни аввалги ҳолатига келтириш учун стадион ходимларидан улкан меҳнат талаб этилади. Нашр манбалари Лопез концертидан кейин стадионга борган ва майдонда футбол ўйини ўтказишнинг ҳозирча мутлақо имкони йўқлигини билдирган. Ҳолбуки, Арманистон чемпиони “Нух” агар Европа Лигаси плей-офф босқичига йўл оладиган бўлса, жорий йилнинг 21 август куни айнан шу стадионда навбатдаги ўйинини ўтказиши керак. Бироқ ушбу муддатгача чимни талаб даражасига етказишнинг имкони йўқ.
Стадион директори Ашот Барсегян уни тиклаш ишлари бошланганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, концертдан сўнг чим бироз сарғайган холос.
“Уни шунчаки суғориш ва силлиқлаб текислаштириш керак. Бундан ортиқ ҳеч нарса зарур эмас”, деган у.
Лекин маҳаллий манбалар фақатгина суғориш билан иш битмаслигини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 август куни Женнифер Лопез “Up All Night – Live in 2025” сайёр чиқишлари доирасида Ўзбекистонда чиқиш қилади. Унинг концерт дастури эса Тошкентдаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ўйинлари ўтказиладиган, шунингдек, “Бунёдкор” клубининг уй майдони ҳисобланувчи “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Ушбу стадион чими билан боғлиқ муаммолар стадион очилган 2012 йилдан бери мавжуд эди. 2022 йилда эса стадионнинг дренаж тизими қайта ишлаб чиқилди ва майдоннинг баландлиги бир неча метрга кўтарилди. Шу билан бирга гибрид – сунъий ва табиий чим аралашмаси ётқизилиб, муаммолар ижобий ечим топди. Бу давр оралиғида стадионда футбол билан боғлиқ бўлмаган катта тадбирлар ўтказилмаган ва бугунги концертдан майдон майсаси қай аҳволда чиқиши сўроқ остида.
Live
Барчаси