Арманистондаги сайловларда Пашиняннинг партияси ғалаба қозонди (видео)

Олам

image

Арманистонда ҳукмрон “Фуқаролик шартномаси” партияси парламент сайловларида 50,07 фоиз овоз тўпламоқда. Бу маълумот Марказий сайлов комиссияси томонидан 94 фоиз бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин эълон қилинди. Бу ҳақда “News.am” хабар берди.

Иккинчи ўринда тадбиркор Самвел Карапетян бошчилигидаги “Кучли Арманистон” альянси 23,35 фоиз овоз билан бормоқда. Учинчи ўринни эса собиқ президент Роберт Кочарян етакчилик қилаётган “Арманистон” блоки 9,96 фоиз билан эгаллаган.

Шундай қилиб, дастлабки натижаларга кўра, янги парламентда фақат уч сиёсий куч – “Фуқаролик шартномаси”, “Кучли Арманистон” ва “Арманистон” блоклари вакиллари бўлади.

Аввалроқ, Никол Пашинян ўз сиёсий кучи ғалаба қозонганини эълон қилган, бу пайтда Марказий сайлов комиссияси томонидан овозларнинг 20 фоиздан кам қисми ҳисобланган эди. У партияси мустақил тарзда ҳукумат тузишини таъкидлаган.

Бу баёнот оппозиция томонидан танқидга учради. “Арманистон” блоки буни ҳокимиятни ўзлаштиришга уриниш деб баҳолаган бўлса, “Бирлик қанотлари” раҳбари Арман Татоян буни конституцияга зид ва ваколатдан ташқари баёнот деб атади.

Арманистонда парламент сайловлари 7 июнь куни бўлиб ўтди. Унда 18 сиёсий куч – 16 партия ва 2 альянс иштирок этди. Парламентга ўтиш учун партиялар камида 4 фоиз, икки партияли блоклар 8 фоиз, уч ва ундан ортиқ партияли бирлашмалар эса 10 фоиз овоз тўплаши шарт.

Арманистон парламенти (Миллий йиғилиш) ҳозирги кунда 105 депутатдан иборат бўлиб, улар орасида езиди, рус, курд ва ассирий каби миллат вакиллари учун тўртта ўрин ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян Бош вазир Никол Пашиняннинг ҳукмрон “Фуқаролик шартномаси” партияси сайлов натижалари расман эълон қилинмасидан олдин ғалаба ҳақида баёнот берганини қоралаб, буни ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш деб баҳолаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг