Арманистоннинг собиқ президенти Пашинянни қоралади
Олам
−
09:20 2703 2 дақиқа
Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян Бош вазир Никол Пашиняннинг ҳукмрон “Фуқаролик шартномаси” партияси сайлов натижалари расман эълон қилинмасидан олдин ғалаба ҳақида баёнот берганини қоралаб, буни ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш деб баҳолади.
Кочаряннинг айтишича, сайлов натижалари тўлиқ ҳисоблаб чиқилмасдан туриб бундай баёнотлар Марказий сайлов комиссиясига босим ўтказиш ва ҳокимиятни эгаллашга уриниш ҳисобланади.
Пашинян эса Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида ўз партияси ғалаба қозонганини ва ҳукуматни мустақил тарзда шакллантиришини маълум қилган. Бу баёнот Марказий сайлов комиссияси томонидан овозларнинг атиги 20 фоизи ҳисоблаб чиқилган пайтда эълон қилинган.
Маълумотларга кўра, 50 фоиз овозлар ҳисоблангач, “Фуқаролик шартномаси” партияси 51,71 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринда “Кучли Арманистон” блоги 23,2 фоиз, учинчи ўринда эса “Арманистон” блоги 9,33 фоиз овоз олган.
Сайловда иштирок этиш даражаси 58,97 фоизни ташкил этди. Овоз беришда 1 миллион 476 минг 697 нафар сайловчи қатнашди.
Арманистон қонунчилигига кўра, парламентга кириш учун партиялар камида 4 фоиз, икки партиядан иборат блоклар 8 фоиз, уч ва ундан ортиқ партияли альянслар эса 10 фоиз овоз тўплаши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат Бош вазири Никол Пашинян сайловолди дебати пайтида Арманистон керак бўлса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.
Live
Барчаси