Аттестация бўйича апелляцияда ўқитувчилар иштироки расман чекландими?
Жамият
−
29 Ноябрь 1574 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда аттестация бўйича апелляцияда ўқитувчилар иштироки расман чеклангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 ноябрдаги ВМ-740-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”нинг тегишли бандларига ўзгартиришлар киритилган.
Низомга киритилган ўзгартиришларга кўра, тест дастури бўлган test.uzedu.uz махсус платформаси орқали тест синовлари жараёнининг ўзида ҳам педагог томонидан мурожаат юбориш (эътироз билдириш) имконияти яратилди.
Мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Низом талабларига мувофиқ, апелляция комиссияси таркибига муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш учун жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришлар педагогнинг апелляция шикоятини кўриб чиқишдаги жараённи тўлиқ тартибга солиб, уларни апелляция шикоятини бериш ҳуқуқини сақлаб қолган.
Бундан ташқари, апелляция комиссияси қарори комиссия томонидан мурожаатни кўриб чиқиш якунланган заҳоти мурожаатчининг шахсий кабинетига мурожаатга жавоб шаклида юборилади ҳамда унинг сўровига кўра, апелляция комиссияси қарорининг тегишли қисмидан кўчирма тақдим этилиши ва бевосита тегишли ташкилотга ташриф буюрган ҳолда ўзининг мурожаати натижаларига оид ҳужжатлар билан танишиб кетишига монелик кўрсатмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024-2025 ўқув йили бошида Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар сони 564 900 нафарни ташкил этиши маълум қилинганди.
Live
Барчаси