Автомобилига исм қўйган Фаррух акага чора кўрилди (видео)
3-саҳифа
−
18 Сентябрь 17493 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда ЗИЛ-53 русумли транспорт воситаси давлат рақами ўрнига “Farruх” ёзуви туширилган белгини тақиб ҳаракатлангани акс этган видеолавҳалар тарқалди. Қоидабузарлик Сирдарё вилояти ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳайдовчига қонунда белгиланган тегишли тартибда чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, қоидабузарлик содир этган ҳайдовчига тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, ЗИЛ-53 русумли автомобиль вақтинчалик жарима майдончасига қўйилган.
“Қонунбузарлик эканини билардим. Шундай “номер”лар чиқади, деганига қизиқишга қўйдик. Узр сўрайман. Бошқаларга бундай ўзбошимчалик билан иш қилмасликни маслаҳат бераман” , дейди ҳайдовчи.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрда қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда исмни машинага рақам қилиб қўйса бўлади. Шу санадан бошлаб “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонасига аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган “ноёб” давлат рақами белгиларини очиқ кимошди электрон савдоларини ўтказиш орқали бериш ҳуқуқи берилади. Бунда “ноёб” давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ BYD русумли автомобиль қарама-қарши йўлда ҳаракатланиб, чорраҳадан светафорнинг қизил чироғида бурилганди. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси (йўл безорилиги) билан баённома расмийлаштирилган.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси