БААда қолиб кетганларнинг харажати қоплаб берилади
Олам
−
02 Март 4395 1 дақиқа
Яқин Шарқда рўй бераётган кескинлик сабаб Бирлашган Араб Амирликларида қолиб кетган сайёҳларнинг яшаш харажатлари давлат томонидан қопланади. Бу ҳақда “The National” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Маданият ва туризм департаменти мамлакатдаги меҳмонхоналарга расмий хат юборган.
“Ҳозирги шароитни инобатга олиб, айрим меҳмонларнинг чиқиш муддати тугаган бўлса-да, улар фавқулодда ҳолатларга кўра мамлакатни тарк эта олмаяпти. Шу боис уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига қадар меҳмонхонадаги яшаш муддати узайтирилиши сўралади. Қўшимча яшаш харажатлари Абу Даби Маданият ва туризм департаменти томонидан қопланади”, дейилади расмий хатда.
Шунингдек, БАА Фуқаро авиацияси бош бошқармаси рейслар бекор қилиниши ва ҳаво ҳудудининг вақтинча беркитилиши оқибатида мамлакатда қолиб кетган минглаб йўловчиларнинг овқатланиш ва яшаш харажатларини ўз зиммасига олган.
Расмий баёнотда айтилишича, давлат зарар кўрган ва қолиб кетган йўловчиларнинг барча харажатларини қоплайди. Шунингдек, ҳозирга қадар аэропортлар ва миллий авиакомпаниялар тахминан 20 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатгани, уларга вақтинчалик турар жой, овқат ва ичимликлар тақдим этилгани ҳамда рейсларни қайта бронь қилиш ишлари олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра дастури доирасида Саудия Арабистонига олиб борилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакатга қайтариш мақсадида махсус рейслар ташкил қилиниши хабар қилинганди.