БААда Россия, АҚШ ва Украина делегациялари ўртасида учрашув бўлади

Олам

image

Бугун, 23 январь куни Бирлашган Араб Амирликларида Россия, АҚШ ва Украина делегациялари иштирокида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ТАСС нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Ушаковнинг айтишича, хавфсизлик масалалари бўйича Россия музокара гуруҳи аллақачон шакллантирилган ва яқин соатлар ичида Бирлашган Араб Амирликларига йўл олади. Делегация таркибига Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарияти вакиллари, жумладан бош штаб бошқармаси бошлиғи, адмирал Игорь Костюков бошчилигидаги расмийлар киритилган.

У, шунингдек, Россия делегацияси Президент Владимир Путин томонидан ўтказилган музокараларнинг барча тафсилотлари инобатга олинган ҳолда тегишли кўрсатмалар олганини таъкидлаган.

Шу билан бир вақтда, Абу-Дабида Россия Президентининг хорижий давлатлар билан инвестицион-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев ва АҚШ Президенти махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида икки томонлама учрашув ҳам бўлиб ўтади. Улар иқтисодий масалалар бўйича икки томонлама ишчи гуруҳ раҳбарлари ҳисобланади.

Икки томонлама музокараларда делегациялар АҚШда музлатиб қўйилган Россия активларидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида “Тинчлик кенгаши”га аъзолик бадалини тўлаш, шунингдек можаро якунланганидан сўнг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида зарар кўрган ҳудудларни тиклаш масалаларини муҳокама қилишни давом эттиради. Ушаковнинг сўзларига кўра, бу мавзу бўйича муҳокамалар икки томонлама иқтисодий гуруҳ доирасида давом этади.

АҚШ томондан музокараларда Стив Уиткоффдан ташқари АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл ва Президентнинг куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этади.

Украина делегацияси ҳам аллақачон БААга йўл олган. Унинг таркибига Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров, Президент офиси раҳбари Кирилл Буданов, офис раҳбари биринчи ўринбосари Сергей Кислица, “Халқ хизматкори” партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамия ва Украина Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Андрей Гнатов киритилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 январь куни Россия Президенти Владимир Путин, унинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Путиннинг махсус вакили, Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Жош Грюнбаум билан Кремлда ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг