Қозоғистон айрим россияликларни оммавий депортация қилмоқчи
Олам
−
10 Март 3544 2 дақиқа
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик яшаш рухсатномаларини (ВЯР) қалбакилаштириш бўйича йирик жиноий ишни тергов қилмоқда. Бу иш уруш туфайли мамлакатга келган кўплаб россияликларнинг депортация қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда россиялик қочқинларга ёрдам берувчи ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб, “Слово защите” лойиҳаси хабар берди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, иш бўйича “ўнлаб эркак жинсига мансуб ва чақирув ёшидаги россияликлар” гувоҳ сифатида жалб қилинган. Тергов 2026 йил февраль ойи охирида бошланган ва терговчилар бир вақтнинг ўзида 3-4 кишини сўроқ қилмоқда.
Қозоғистонда бир йилгача қолиш имконини берувчи ВЯРни расмийлаштириш учун расмий иш жойи ва рўйхатдан ўтган манзил (“прописка”) талаб этилади. “Слово защите”нинг ёзишича, Қозоғистон бир мунча вақт “сохта ВЯР” бозорига нисбатан хотиржам муносабатда бўлган, бироқ вақт ўтиши билан миграция сиёсати қаттиқлашган.
“ВЯР иши билан миграция полицияси эмас, балки Миллий хавфсизлик қўмитаси бошқармаси шуғулланаётганини ҳисобга олсак, гап Россия Федерацияси билан келишилган рўйхатлар асосида оммавий депортацияга тайёргарлик ҳақида бораётган бўлиши мумкин”, деб ҳисоблайди “Слово защите”.
Ҳуқуқ ҳимоячилари сохта ВЯР бўйича жиноий иш фигурантларига Россияга депортация қилинмасликлари учун ҳали имкон борлигида Қозоғистонни зудлик билан тарк этишни қатъий тавсия қилмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистон – Украина билан уруш ва сафарбарлик бошлангандан кейин россияликлар энг кўп чиқиб кетган мамлакатлардан бири. Ҳозирда у ерда ўн минглаб россияликлар истиқомат қилмоқда. 2026 йилда ҳуқуқ ҳимоячилари россияликларни, жумладан, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган ёки дизертирликда айбланаётганларни Қозоғистондан депортация қилиш ҳолатлари кескин кўпайганини қайд этган.
Live
Барчаси