Бекободда пора олган МИБ ижрочиси 6 йилга қамалди
3-саҳифа
−
11 Август 4922 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 14,3 млн сўм ва 450 доллар пора олган Мажбурий ижро бюроси ижрочиси 6 йилга қамалди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган фаол тадбир натижасида 1989 йилда туғилган МИБ Бекобод шаҳар давлат ижрочиси ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда Бекобод туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг алимент қарздорлиги учун қўйилган хорижга чиқиш тақиқини ечиб бериш эвазига ундан 20 миллион сўм талаб қилган. Шундан 13 миллион сўмини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.
Маълум бўлишича, давлат ижрочиси ушбу “хизмати” эвазига муқаддам 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олган.
Билдирилишича, аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг ҳукмига биноан МИБ давлат ижрочиси Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди ва 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга хуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш хуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда 1200 доллар пора олаётганида қўлга олинганди.
Live
Барчаси