БМТ сўнгги 10 йилни тарихдаги энг иссиқ давр деб атади
Олам
−
23 Март 1371 2 дақиқа
БМТ таркибидаги Жаҳон метеорология ташкилоти 2015-2025 йиллар оралиғини метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр деб атади. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2025 йил энг иссиқ йиллар учлигига кирган бўлиб, ҳисоблаш услубига қараб иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллаган.
2025 йилда ўртача глобал ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан тахминан 1,43 даражага юқори бўлган. Мутахассислар таъкидлашича, 2024 йил бундан ҳам экстремал бўлиб, тарихдаги энг иссиқ йилга айланган ва ҳарорат 1,55 даражага ошган. Бу эса глобал исиш давом этаётганини кўрсатади.
Олимларни айниқса, музликларнинг ҳолати хавотирга солмоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, сайёранинг муҳим ҳудудларида муз массаси йўқотилиши кузатувлар тарихидаги энг ёмон беш кўрсаткич қаторига кирган. Энг юқори эриш даражаси Исландия ва Шимолий Америкада қайд этилган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳисобот натижаларига изоҳ берар экан, глобал иқлим ҳолати фавқулодда даражага ўтганини айтган.
“Ер сайёраси ҳаддан ташқари юклама остида, барча асосий иқлим кўрсаткичлари қизил даражада,” деган у.
Ташкилотга аъзо 190 дан ортиқ давлат 2015 йилда қабул қилинган Париж келишувига мувофиқ, давлатлар глобал исишни 1,5 даражадан оширмаслик учун барча чораларни кўриш учун мажбурият олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги энг қадимги айсберглардан бири A23a эриб йўқолиб бораётгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси