Британиялик боксчи 33 йилгача қамалиши мумкин
Спорт
−
06 Ноябрь 2236 2 дақиқа
Британиялик боксчи Росс Китчен Истанбулда такси ҳайдовчисига шафқатсизларча ҳужум қилгани учун Туркияда 13 йилдан 33 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Haberler” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ҳодиса жорий йилнинг 25 апрель куни содир бўлган. Ҳолат юзасидан суд эса 4 ноябрь куни Истанбул 18-оғир жиноятлар суди биносида бўлиб ўтган. Судда айбланувчи Росс Китчен, жабрланувчи Қодир Бичер ва ҳар икки томоннинг адвокатлари иштирок этган. Айбланувчи Китчен ўзини ҳимоя қилиб, руҳий ҳолатини важ қилиб кўрсатди:
“Менда ваҳима хуружлари бор. Туркияга келишдан олдин ҳам ўзимни ёмон ҳис қилардим. Ўша пайтда мени ўғирлаб кетишяпти деб ўйладим. Шунинг учун ҳужум қилдим. Мақсадим талончилик эмас эди”, дейди у.
Такси ҳайдовчиси Қодир Бичер эса судда воқеа тафсилотларини сўзлаб берди.
“У йўлда қўлимни тишлади, кўзимга бармоқларини тиқди, бўйнимни сиқди. Мен машинани тўхтатдим, у мени ерга йиқитиб, бошимга бир неча марта тепди. Ҳозир кўзим шикастланган, соғлом ҳаётимни давом эттира олмайман. Ҳар кеча бақириб уйғонаман”, деди жабрланувчи.
Бичернинг сўзларига кўра, ҳужумдан сўнг унинг чўнтагидаги 45 евро ва 60 минг лирага яқин нақд пули ҳам йўқолган.
Истанбул Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасига кўра, Росс Китчен “ёмон ният билан тан жароҳати етказиш” ва “малакали талончилик” моддалари бўйича суд қилинмоқда. Видеоёзувлар орқали аниқланишича, боксчи жабрланувчига бир неча марта зарба берган ва воқеа жойидан қочишга уринмаган.
Суд ҳайъати судланувчини ҳибсда сақлашни давом эттиришга қарор қилди ва кейинги суд мажлисига қадар жабрланувчига етказилган зарар миқдорини аниқлаш учун вақт берилди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь