Чехия Президенти Россия самолётларини уриб туширишга чақирди

Олам

image

Чехия Президенти Петр Павел Россия кучлари томонидан ҳаво ҳудуди бузилган мамлакатларга Россия самолётларини уриб туширишни маслаҳат берди. Давлат раҳбарининг бу ҳақдаги сўзларини “Novinky” нашри келтирди.

Унинг сўзларига кўра, НАТО давлатлари ҳаво ҳудудининг бузилиши Европадаги кескинликни жиддий даражада оширмоқда. Унга кўра, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли тарзда жавоб бериш зарур, жумладан, зарур бўлса, Россия самолётларини уриб тушириш имконияти ҳам мавжуд. Павелнинг таъкидлашича, ёвузликка йўл бериб, бир чеккада чекиниб ётиш мумкин эмас.

“НАТО тегишли жавоб чораларини кўриши керак. Шу жумладан, ҳарбий чораларни ҳам. Россия жуда тезда шуни англаб етади: улар хато қилди ва рухсат этиб бўлмайдиган чегарадан ошиб ўтди. Афсуски, бу уруш чегарасида мувозанат сақлашни талаб қилади. Бироқ ёвузликдан чекиниш мумкин эмас”, деган Петр Павел.

Президентнинг урғулашича, ҳаво ҳудудининг бузилиши самолётларни уриб туширишга асос бўла олади.

“Бундай бузилишлар мудофаа механизмларини ишга туширишга асос бўлади, бу эса самолётни уриб туширишни ҳам ўз ичига олади. Буни на биз, на Россия томони истамаган”, дея қўшимча қилган Президент.

Қайд этиш жоиз, сўнгги вақтларда Россия чегараларни четлаб ўтиб, бошқа мамлакатларнинг ҳаво ҳудудларида ўз дронларини бемалол ҳаракатлантирмоқда. Масалан, 19 сентябрь куни Россияга тегишли учта МиГ-31 қирувчи самолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузди. Улар 12 дақиқа давомида Эстония устида бўлди ва НАТОга тегишли патруль самолётлари уларни ҳудуддан чиқариб юборди. Эстония бу ҳолат юзасидан НАТОга Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига кўра, маслаҳатлашув чақиришни сўради.

Эстония Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеани: “Москванинг навбатдаги провокацияси ва кескинликни кучайтириш ҳаракати”, деб атади.

“Россияга ягона мурожаатимиз бор: чегараларингиз қаерда тугашини билинг, Украинадан чиқинг ва сабр-тоқатимизни синаманг”, дейилади мамлакат ТИВ хабарида.

Россия Мудофаа вазирлиги эса бу воқеа юзасидан баёнот бериб, ҳеч қандай чегара бузилиши бўлмаганини билдирган.

Россия Эстониядан ташқари Польшанинг ҳаво ҳудудига ҳам кириб борди. 10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг камида 19 та дрони Польша чегарасини кесиб ўтганди, уларнинг катта қисми Беларусдан келиб чиққан. Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётлари дронларни тутиб олиш учун жойлаштирилди. Варшава Россия атайлаб Польшага ҳужум қилганини ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни сўраганини билдирган. Россия эса ҳамма айбловни Украинага ағдарган.

Маълумот учун, Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига кўра, НАТО аъзоси бўлган давлатлардан бирортаси ўз хавфсизлигига, ҳудудий яхлитлигига ёки сиёсий мустақиллигига таҳдид сезса, у ҳолда бошқа аъзолар билан маслаҳатлашув чақириш имконини беради.

Бу модда ҳарбий жавобни билдирмайди (бу 5-модда билан боғлиқ), балки бу биринчи сиёсий маслаҳат босқичи бўлиб, муаммо бўйича барча аъзолар биргаликда муҳокама олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Чехия Европа Эстония Польша Петр Павел

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг