Женнифернинг қиммат концертидан қолган асоратлар, Қодировдан рўмоллиларга қўллов, Ҳукумат сийлаган Агаларовлар, яна мардикорликка мажбурланаётган ўқитувчилар, ДХХнинг хавотири – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
09 Август 11813 24 дақиқа
Қодиров Лопезга бўлган ҳурматни бошқа аёлларга ҳам сўради
Тошкент биринчи марта америкалик 56 яшар дунё юлдузи Женнифер Лопезнинг концертига мезбонлик қилди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошчилигида ташкил этилган ушбу шоуга 25 мингта чипта сотилган бўлиб, шундан 15 мингдан ортиғини ёки 68 фоизини хорижликлар харид қилгани айтилди. Агар бу маълумотларга ишонилса, 7,5 мингта чиптани Россия фуқаролари, 2,5 мингдан ортиғини Қозоғистон фуқаролари сотиб олган. Қолган харидорлар Европа ва бошқа мамлакатлардан бўлган.
Шу ўринда савол туғилади. Лопез 7 август куни Остонада концерт берган, 10 август куни яна Олмаотада концерт беришни режалаштирган, қолверса, бу унинг Қозоғистондаги илк концерти бўлмаса, аллақачон анъанага айланган бўлса, нега қозоғистонлик 2,5 минг фуқаро айнан ўз мамлакати қолиб, Тошкентдаги концертни танлади. Ҳолбуки, Қозоғистондаги концертлар ҳам катта стадионларда ўтяпти.
Бухарест, Варшава ва Истанбул ҳам европаликлар учун қулай локация эмасми? Лопез Тошкентга келгунча ушбу шаҳарларда ҳам концерт берди. Қолаверса, Ереван, Шарм эл-шейх, Абу Даби каби шаҳарлардаги концертлар ҳам Женнифер Лопезнинг сўнгги 30 кунликдаги турнесидан ўрин олганди.
Концерт чипталари нархи 1 миллион сўмдан 4 миллион 200 минг сўмгача эди. Хабар қилинишича, концертга келган хорижликлар Ўзбекистонга 4-6 кунлик саёҳат учун тур-пакетларни харид қилган.
Хуллас, опанинг концерти ҳали кўп муҳокама қилинади. Одамлар аллақачон икки фронтга ажралиб бўлди – концертга борганлар ва бормаганлар, унинг очиқ кийимларини муҳокама қиладиган ва шунчаки бу орқали бошқаларнинг ҳам эркин либос танлашини ҳимоя қиладиганлар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам ушбу муҳокамалардан четда қолмади. Яқиндагина Тошкентда ўтган пиво фестивалига эътироз билдириб чиққан Қодиров, Женниферга кўрсатилган тоқатни бошқа аёлларга нисбатан ҳам сўради.
“Женнифер Лопезнинг концерти сердаромад иш ва ёпиқ тадбир, наркотика тарқатиб, давлатга қарши тарғибот қилмаса, ўтказади, танасини кўрсатиш уни танлови, кўриш эса тадбирга билет олганларники, дунёвийлик шу!
Лекин, худди шундай ўраниб юрмоқчи бўлган аёл ватандошни ҳам танлови қонун билан ҳимоя қилинган. Ялонғоч намойишини дунёвийлик деб қабул қилдик, энди ёпиниб юриш ҳуқуқига ҳам даҳл қилмаслик кераклигини қабул қилайлик. Лопезга қандай кийинишни ўргатмаганимиздек, эътиқодли аёлларимизга рўмолни қандай ўрашни ўргатишни, қолаверса, шу ёшга келиб эътиқоди талабига риоя қилган аёлларни паспортга рўмолини ечиб тушишга мажбурлашни ҳам тўхтатиш керак”, дейди Қодиров.
Шунингдек, у идентификация талаблари юзнинг очиқ бўлишини тақозо қилишини, лекин сочни эмаслигини таъкидлаб, Лопезга кўрсатган бағрикенгликни диндор аёлларга ҳам кўрсатишга чақирган.
Депутат Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани тортишилмаслигини, дунёвий давлат кўпчилик сайлаган парламент томонидан қабул қилиниб, кўпчилик сайлаган Президент томонидан маъқулланган қонунларни бузмаган ҳолда, ўзи истаганидек яшаш имконини беришини урғулаган.
“Ватанимизда барча миллат ва дунёқарашдаги ватандошлар эмин-эркин, қонунларни бузмаган ҳолда фаровонликка интилиши учун шароит яратиш устувор мақсад эканлиги мустаҳкам белгиланган. Ҳамма тенг ва ҳеч ким камситилмаслиги кафолатланган.
Агар бирон ватандош пиво ичмоқчи бўлса, ичади, бу унинг танлови, ичмайдиган ватандош ичмайди ва бунинг сабабини ҳар икки тоифа ҳеч кимга изоҳ беришга мажбур эмас.
Алкоголни ичиш мумкин, лекин реклама қилиш мумкинмас, бу амалдаги қонунда белгиланган, албатта, парламент сайловларини мутлақо ютадиган бирон сиёсий куч қонунни ўзгартириб алкоголни “миллий қадрият”, бир жинслиларни оила қуриш талабини эса эркин танлов сифатида норма қилиши ҳам мумкин, бунга сиз ҳуқуқ берасиз”, дейди у.
Алишер Қодировнинг гаплари жамоатчилик орасида катта эътироф ва муносабатга сабаб бўлса ҳам, у назарда тутган идоралар, расмий ташкилотлар бу баёнотни кўрмагандек, эшитмагандек сукут сақлашда давом этмоқда.
Озарбайжонлик куёвни сийлаган Ўзбекистон
Агаларовлар ва уларга тортиқ қилинаётган Чорвоқ масаласи кун тартибидан тушди, Женнифер Лопез концерти фонида унутилди, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Хуллас, тугаётган ҳафта бошида Чорвоқ сув омбори бўйида қурилиши жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бўйича Ҳукумат қарори эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари, ер участкаларининг тоифаси ўзгартирилганидан сўнг “Agalarov Development” МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга ижара муддати тугагандан кейин янги муддатга узайтириш бўйича устувор хуқуқ билан 25 йилга тўғридан тўғри ижарага берилади. У ерда 2025-2035 йилларда қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуаси барпо этилади.
Лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан, қурилиш даврида ва ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Агар бунга риоя қилинмаса, лойиҳа тўхтатилади ва компаниянинг ерга бўлган ижара ҳуқуқи бекор қилинади.
Қурилиш ортидан бузилиши мумкин бўлган дача ва бошқа хусусий мулк эгаларига компенсация тўлаб берилади.
Баҳоловчи ташкилот Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг собиқ ва ҳамон алоқаларини мустаҳкам сақлаб қолган куёви Эмин Агаларовга туҳфа этилаётган 577 гектар ер майдонининг 25 йиллик ижара тўлови бозор қиймати бўйича 1,7 триллион сўм этиб ҳисоблаган ва бу миқдорга 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланган ҳолда якуний 17 миллиард сўм миқдордаги маблағни 5 йилга бўлиб тўлаш мажбурияти юкланган. Кулгили рақамми? Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Департамент бошлиғи ўринбосари Музаффар Раҳимжоновга кўра, ижара тўлови инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида рамзий даражагача камайтирилган. Бунинг эвазига инвестор 240 миллион доллар миқдорида инфратузилма тўлови тўлайди.
“Бу ер ижарасининг бозор қийматидан анча юқори. Мазкур тўлов Тошкент вилоятида биринчи марта жорий қилинмоқда. Бу маблағлар канализация, йўллар, кўприклар ва тозалаш иншоотларини қуришга йўналтирилади. Ортиб қоладиган 100 миллион доллар ҳудуд инфатузилмасининг кейинги ривожланиш ва модернизацияга сарфланади”, дейди Музаффар Раҳимжонов.
Раҳимжонов Мексика ва Вьетнамда хорижий сармояни жалб қилиш ва ривожланишни жадаллаштириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларининг ижараси ноль қийматида берилганини намуна сифатида кўрсатган. Нега айнан Мексика ва Вьетнам? Озарбайжондан келайлик? Озарбайжоннинг ўзида-чи? У ерга ҳам ўзимизнинг тадбиркорлар бирор курорт қураман, деб борса, энг яхши ҳудудларидан 577 гектар ер шу тарзда сув текинга бериб юборилармикин? Яна камига 240 миллион доллар инвестицияни гўё хайрия қилаётгандек ҳимоя қилишлари-чи? Агаларовлар ҳам аҳмоқ эмас, сув чиқмайдиган қудуққа пақир ташламайди, шу жойлар гуллаб-яшнашини, Ўзбекистонда денгиз йўқлигини, Чорвоқда бундай VIP ҳуқуқ ҳеч кимга берилмаганини билади-ки, инвестиция киритади. Нега энди бу пулга гўё Қизил ярим ой жамиятидан хайрия олаётгандек тавалло қилиб қаралаши керак? Эҳ, гапираман, десанг гап кўп.
ДХХ Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантиряпти
Россияда мигрантларга, айниқса, Марказий Осиёдан ва янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Тожикистон, Ўзбекистон каби Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлардан келганларга нисбатан агрессив муносабат кучайиб бораётгани фонида 2024 йилнинг март ойида Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл” содир этилган террорчилик ҳаракати бўйича суд иши бошланди. 147 киши ўлими, 3 кишининг бедарак йўқолиши, 550 кишининг яраланига ва 5,7 миллиард рубль зарарни ташкил этган воқеа бўйича 19 киши судланяпти. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттиргач, терактни содир этган тўрт нафар гумонланувчи – Тожикистон фуқаролари Шамсидин Фаридуни, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакрам Муродали Рачабализода айбига тўлиқ, Далержон Мирзоев қисман иқрор бўлди.
Шу ҳафта бошланган суд иши совуқ рус ўлкасида мигрантлар устидан бошлатилган қақшатқич кампанияларни янада жонланиши, янгидан-янги таклифларни кун тартибига олиб чиқишга сабаб бўлмоқда. Гарчи, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси – “Вилоят Хуросон” гуруҳи ўз зиммасига олган бўлса-да, расмий Москва, Федерал хавфсизлик хизмати терактда Украина изи борлигига қаттиқ ишонади ва ишонтиришга ҳаракат қилади.
Россиядаги бундай ҳолатлар ортидан азият чекаётган оддий мигрантлар бўлмоқда. Масалан. тугаётган ҳафтада депутатлар Думага оғир жиноятлар бўйича судланган мигрантларга Россияга киришни умрбодга тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
У Россия Федерацияси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва миллий хавфсизликни кучайтириш важлари билан ишлаб чиқилган. Унга кўра, оғир жиноятлар содир этган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, судлангани олиб ташланган ёки тугатилган бўлишидан қатъи назар Россияга умрбод кириш тақиқланади. Яъни, суднинг оқлов ҳукми ҳам бир тийин. Лойни от, ўзи қолмаса ҳам изи қолади, дегандек шахс оқланганига қарамасдан, Россия қонунчилиги уни жиноятчи, деб кўришда давом этаверади. Бу қоидалар жиноят Россия ҳудудида ёки чет элда содир этилганига ҳам боғлиқ бўлмайди.
Камига, энди россиялик қонунчилар мигрантларнинг ўзи етмагандек, уларнинг боласини ҳам чиқиштирмаслик пайида. Нима эмиш, Россияга борган чет элликларнинг болалари рус мактабларида ёши ва синфидан қатъи назар фақат тўлов асосида ўқишлари керакмиш. Бу ҳақда Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Рус тилини ўрганишда қийналаётган, вояга етмаган мигрант болалар ва дарс бераётган ўқитувчиларимизнинг асабларини асрайлик. Болалар уйда ота-онасини кутишсин ёки махсус дастурлар бўйича тўлов асосида ўқишсин”, дейди депутат.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги мактабларда қабул компанияси жорий йилнинг апрель ойида бошланган ва 1762 нафар бола ҳужжат топширган. Улардан 335 нафари имтиҳонга қўйилган. Шундан 44 нафари тестда қатнашиб, бор-йўғи 27 нафари муваффақиятли ўтган. Бу эса умумий ариза берувчиларнинг 1,5 фоизини ташкил этади.
Россия Таълим вазирлиги чет эллик меҳнат мигрантларининг болалари учун мактаб таълимини пулли қилиш таклифига қарши чиқди. Россия Конституциясига биноан мамлакат ҳудудида яшаётган барча шахслар, жумладан фуқаролар ҳам, хорижликлар ҳам таълим олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ умумий ва ажратилмаган. Тўғриси, бу баёнотни ўқиб, ҳали соғлом фикрлайдиганлар ҳам бор экан ва Дума баҳсга очиқ, юқоридан келган топшириқларни сўзсиз бажариш Донецк ва Луганскка ҳужумни тасдиқлаш ва олқишлаш каби агрессив қарорлар борасида тин олишни ҳам биларкан, деган хаёлга келдим.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг жорий йил бошида берган маълумотларига ишонилса, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда меҳнат мигранти мақомини олган ва уларнинг 600 мингдан ортиғи Россияда. Бироқ норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса 1,5 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани айтилади. Ташқи ишлар вазирлигининг шу йил июнь ойида берган маълумотида эса Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 1 миллиондан камроқ. Уларнинг сони қанча бўлишидан қатъи назар ҳар бири Конституцияга кўра Ўзбекистон ҳимоясида. Шу боис ҳам Давлат хавфсизлик хизмати бу ҳафта Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик мигрантларга огоҳлантириш билан чиқди.
Ўзбекистон хавфсизлигига масъул идора баёнотига кўра, сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда. Шулардан бири – “А.У.Е.” деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса, Россияга бориб ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳам ўз домига тортмоқда.
Қайд этиш жоиз, “А.У.Е.” (“Арестантский уклад един” – “Маҳбуслар қоидаси ягона”) Россия Федерациясида пайдо бўлган бўлиб, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракатдир. У “ўғрилар қонунлари”ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган.
Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Сўнгги йилларда бир нечта ўзбекистонлик “А.У.Е.” ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
Ушбу ҳаракат аъзолари асосан интернет орқали ўз сафларини кенгайтиради. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам “братва”, “общак”, “закон по понятиям” каби иборалар орқали таъсир ўтказади.
ДХХга кўра, ушбу ҳаракатда бўлиш “ишдан кейинги дўстона гуруҳ” эмас, у шахсни жиноий фаолиятга тортади.
Россия Федерацияси қонунчилигида “А.У.Е.” ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар белгиланган.
ДХХ биринчи марта Россиядаги ўзбекистонликларга бундай огоҳлантириш билан чиқмоқда. Ҳолбуки, бугун Россияда армия сафига кириб, Украинага қарши босқинда иштирок этаётган ўзбекистонликлар борлиги ҳақидаги фактлар ўртага ташланмоқда. Бироқ, расмий Тошкент бу маълумотларга аниқлик киритмаган.
Ёдингизда бўлса, Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилган эди. Украина Пезиденти Владимир Зеленский ушбу маълумотни тасдиқлади.
У 4 август куни Харьков вилояти шимолида жойлашган Волчанск шаҳридаги батальонга қилган ташрифидан сўнг, ўз Telegram-каналида бу ердаги ҳарбий ҳаракатларда Россия томонидан Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма жангчиларнинг иштирок этаётганини ёзди. Зеленскийнинг урғулашича, бунга нисбатан тегишли даражада жавоб қайтарилади. Аммо Президент жавоб кимга нисбатан қайтарилиши, Путин Россиясигами ё фуқаролари Россия армияси сафида хизмат қилаётган мамлакатларгами, бунга аниқлик киритмаган.
Қашқадарёда террорчи гуруҳларга қўшилиб қолган 2 киши ушланди
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган фаол тадбирлар натижасида Россия Федерациясида 7 нафар ва Ўзбекистон ҳудудида 2 нафар халқаро террорчилик ташкилот аъзолари қўлга олинди.
Мазкур шахслар Россия Федерацияси ҳудудида бўлган вақтида диний экстремистик оқим таъсирига тушиб, халқаро террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ва ўз сафларини турли давлатлардан келган меҳнат муҳожирларини ёллаш ҳисобидан кенгайтириш билан шуғулланган.
Улар яширин йиғилиш ташкил этиб, Telegram мессенжери орқали видеоконференция йўли билан “умумжаҳон халифалиги” деб аталувчи доктрина асосида тизимли ўқитиш ва террорчилик ташкилотига жалб қилиш ишлари амалга оширилган. Уларнинг бу фаолияти хориждаги ғоявий маслакдошлари томонидан мувофиқлаштириб борилган.
Тўпланган материаллар асосида Россия Тергов қўмитаси томонидан террористик ташкилот фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган фаол тадбирлар натижасида айнан шу жамоатнинг яна 2 нафар аъзоси қўлга олинди. Аниқланишича, бу шахслар ҳам Россиядаги яширин жамоат аъзолари томонидан Telegram’да ташкил этилган виртуал гуруҳларга аъзо бўлиб, ташкилотнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва амалдаги сиёсий тузумни конституцияга зид равишда ўзгартиришни тарғиб қилувчи материалларини тарқатиб келган.
Уларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда, 4 та уяли алоқа воситаси, 3 дона экстремистлик ғоялар билан йўғрилган адабиётлар, 2 та флешка ва 1 та хорижий давлатга тегишли бўлган SIM-карта далилий ашё сифатида олинган ҳамда экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборилган.
Ҳозирда ҳибсга олинган шахсларга нисбатан тергов ва терговга қадар ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Қўқонда эса халқаро террористик ташкилот тарафдори 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 2021 йилда Telegram’да канал очиб, унга ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни жойлаган ва каналнинг 9 нафар обуначисига тарқатган. Бундан ташқари, у Instagram ижтимоий тармоғида ҳозирги кунда Сурия давлатида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг инструктур ва медиа тарғиботчиси билан боғланиб, унинг даъватлари таъсирига тушган. Сўнгра, Сурия давлатида жиҳод қилиш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида ўзаро аудио ва хабар орқали ёзишмалар олиб бориб, ХТТ сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган.
Ўз навбатида ушбу шахс яқин танишлари ва ўзининг синфдошлари орасида “жамоат” шакллантириб, уларни Сурия ҳудудига “ҳижрат” қилиб, террорчи гуруҳлар қаторига қўшилишга даъват қилган.
ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида унинг ноқонуний ҳаракатлари тўхтатиб қолиниб, ҳуқуқий баҳо берилган.
У жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди, 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Болгарияда 22 ёшли ўзбекистонлик талаба чўкиб кетди
Хорижда бўлиб турган ўзбекистонликлардан узоқлашмаймиз. 7 август куни Болгариянинг Созополь шаҳри Каваците соҳилида дўстлари билан чўмилишга борган 22 ёшли ўзбекистонлик талаба украиналик қизни қутқаришга уриниб, вафот этди. Бу ҳақда воқеага гувоҳ бўлган йигитнинг дўсти QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Йигит украиналик қизни чўкишдан қутқаришга ҳаракат қилаётганида ўзини тўлқин уриб кетган. Унинг танаси баҳайбат қоятошлар орасига тиқилиб қолган ва уни чиқариб олишнинг имкони бўлмаган. 9 соатлик қидирув ишларидан кейин қутқарув хизмати ходимлари эмас, балки талабанинг ўзбек, қирғиз ва молдовалик дўстлари уни қоятош остидан топган.
Йигитнинг дўсти QALAMPIR.UZ'га тақдим этган видеодан йигитнинг жасади тошлар орасига тиқилиб қолгани ва у ерда тўлқин жуда ҳам кучли эканини кўриш мумкин. Воқеа жойига етиб борган Болгария қутқарув хизмати ходимлари жасадни сувдан чиқариб олишнинг имкони йўқлигини билдирган.
“Мамлакатимиз фуқаросининг Болгариянинг Созопол шаҳрида вафот этганлиги ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз. Ушбу маълумот келиб тушиши билан, Болгария Республикасини қамраб олувчи Истанбулдаги Бош консулхонамиз билан дарҳол алоқа ўрнатилди. Ҳозирда дипломатларимиз марҳумнинг яқинлари ҳамда Болгариянинг тегишли давлат идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда. Вазият юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейди Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
Болгариядаги ўзбекистонликларга ҳам масъул бўлган Истанбул Бош консулхонаси эса керакли чоралар кўрилиб, вазият назоратга олинганини билдирди.
Путин Мирзиёевга ҳисоб берди
Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада россиялик мавқедоши Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу Мирзиёев ва Путин ўртасида ўтаётган сўнгги бир ойдаги учинчи телефон мулоқоти.
Расмий ахборотда Президентлар икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни кўриб чиққани айтилган. Россия Президенти 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида Президент Мирзиёевга маълумот берган.
Ўзбекистон раҳбари эса Уиткофф билан музокаралар ҳақидаги муҳим маълумот учун миннатдорлик билдириб, Украина инқирозини ҳал қилишнинг сиёсий ва дипломатик йўлларини излаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтган.
“Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.
Путин худди шу куни асосий иттифоқдошлари Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Хитой раиси Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модига ҳам сим қоқиб, уларга ҳам Трампнинг одами билан нималарни гаплашиб олганини айтиб берди.
Шу ҳафтада Президент Мирзиёев Россия Тинчлик жамғармаси томонидан Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Номзод фақат Ўзбекистон раҳбари эмас. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам номзодлар қаторидан ўрин олган.
Ушбу мукофот ўйлаб топилганига кўп бўлгани йўқ. У уруш хавфини бартараф қилиш, халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида тенг хавфсизликни таъминлаш, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, кўп қутбли ва зўравонликдан холи дунё барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолият учун берилади.
5 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан мукофотланди. Унга ушбу мукофотни Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов топширди.
“Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени 2017 йил 30 сентябрда таъсис этилган. Мукофот хорижий давлатларнинг таниқли давлат ва жамоат арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари, шунингдек, Туркманистоннинг хорижий давлатлар билан иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахсларга берилади.
Ёнғинлардан хулоса чиқармаётган Ҳукумат
Ўзбекистонда ёнғинлар тинмаяпти. Жорий ҳафтада иккита автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш ва каттта ёнғин содир бўлди. Булардан бири Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бўлиб, бу ҳудудда аввал ҳам худди шундай ёнғин қайд этилган эди.
5 август куни соат 22:20 да шохобча ҳудудида пропан суюлтирилган газ ташувчи автоцистернадан пропан сақлаш резервуарига ёқилғи тўкиш вақтида портлаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиққан.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажлари 2 дақиқа ичида етиб борган, 8 дақиқада воқеа жойи қуршаб олинган ва 8 дақиқада ёнғин буткул бартараф этилган. Ёнғин оқибатида 1 та автоцистерна ва 10 куб пропан суюлтирилган газ сақлаш резервуари ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олган. Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари етиб борган.
Ўтган ойда ҳам Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани “Олтин дала” МФЙда жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида 4 киши вафот этганди. Ушбу ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига 100 млн сўмдан компенсация тўлаб берилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Аммо ҳолат бўйича ўрганишлар, жиноят ишини тергов қилиш ёки материалларни судга юбориш билан боғлиқ жараёнлар хусусида ҳеч қандай ахборот берилмади, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда, воқеа унутилиб, унуттирилмоқда.
8 август куни эса Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган автомобилларга мобил ёқилғи қуйиш шохобчасида катта ёнғин содир бўлди. Аланга баландлиги 9 қаватли бинони ҳам ошиб ўтди.
Ёнғин ёқилғи ташувчи автоцистернадан ёқилғи сақлаш резервуарига бензинни тўкиш вақтида келиб чиққан. 5 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб бориб, ёнғин 6 дақиқа ичида қуршаб олинган ва 10 дақиқада ўчирилган.
Ёнғин оқибатида мобилцистернадаги 3 тонна бензин ёниб кетган. Тан жароҳати олганлар ва қурбонлар йўқ.
Ўзбекистонда ёнғинларнинг кўпайиб бораётгани ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларга тайёгарлик масаласида жиддий бўшлиқлар борлигини кўрсатаётгандек.
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 31 март куни Андижон вилояти Избоскан тумани, “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди таҳоратхонасида газ сизиб чиқиши оқибатида кучли портлаш содир бўлган эди. Унда энг оз уч киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатлангани айтилди. Фожиа ортидан Ҳукумат комиссияси тузилди, Андижондаги барча масжидлар текширувдан ўтказилди. Бироқ, орадан 4 ойдан ошиқ вақт ўтса ҳамки, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида тузилган Ҳукумат комиссиясининг ушбу портлаш бўйича на ҳисоботидан, на воқеани келтириб чиқарган сабаблар билан курашиш борасида келгуси режаларидан дарак бор. Гўё, Андижонда ҳеч нарса бўлмади.
Қолаверса, 2024 йилнинг 17 декабрь куни Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида даҳшатли портлаш ва ёнғин содир бўлди. Агар расмий ахборотларга ишонилса, портлаш ва бутун бошли кўчани тутган ёнғинда 4 киши қурбон бўлди, аммо қурбонлар сони айтилганидан кўплиги иддао қилинади.
Одамлар ўлимига олиб келган бу портлаш ва ёнғин ортидан Ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Лекин июнь ойи охирида ушбу воқеа Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида кўриб чиқилган. Тергов ҳужжатларига кўра, ёнилғи қуйиш шахобчаси раҳбари Мансур Маткаримов “заправка” ҳудудига ҳеч қандай ҳужжатсиз машиналарга пропан газини тўлдириш ускуналарини ва 1 дона 5 тонналик ва 2 дона 2,5 тонналик газ сақловчи контейнерларни ўрнатган.
Суд ҳукмига кўра, Маткаримов Жиноят кодексининг 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш) 5-қисми, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”,“б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган ҳамда унга 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қолаверса, Мансур Маткаримовдан 4 нафар қурбоннинг қонуний вакилларига 310 млн сўмдан жами 1 млрд 240 млн сўм маънавий зарар, 12 нафар фуқаровий даъвогарларга эса жами 2 млрд 358 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Сизнингча, бу ёнилғи қуйиш шохобчаси шаҳарнинг ўртасида, яна аҳоли турар жойларига яқин ҳудудда жойлашгани тасодифми? Унинг шаҳар марказида ҳеч қандай лицензиясиз фаолият юритгани-чи? Бу ҳам пайқалмаган, дерсиз. Пайқалиши учун текширилиши, назоратга олиниши керак. Наҳот, бу ерда газ қуйилаётганини ҳайдовчилар билсаю “заправка”нинг лицензия йўқлиги ва зарурий талабларга жавоб бермаслигини шаҳар катталари билмаса?! Сиз бунга ишонасизми?
Янги Ўзбекистоннинг “қул бўлаётган” ўқитувчилари
2007 йилнинг совуқ қиш туни хотирамда ўчмас бўлиб муҳрланган. Ўша вақтларда онам мактаб директори бўлиб ишлардилар. Кечки соат 9 атрофида барча мактаб директорлари, Олмазор туманидаги 28-умумий таълим мактабининг янги биносини эртага бўладиган очилиш маросими, тўғрироғи, Президент Каримов ташрифи учун тайёрлаш, тозалаш ишларига зудлик билан етиб келиши буюрилди. Менга бу одат, ҳарна нарвоннинг бир четидан тутарман, челакда сув таширман, деб онамга шерик бўлиб бордим. Бу мактаб менга, бизнинг оиламизга бегона эмасди. Бир вақтлар бувим 40 йил бошқарган, минглаб шогирдлар етиштирган, мамлакатда таянч мактаби номини олган ушбу мактабга таълим олгани, бувим қолдирган меросни хотирлагани, оиламиздан фахрлангани эмас, уни эртанги бўладиган ташриф учун ялаб-юлқагани борганман. Мактаб остонасида башанг кийинган, галстукли каттаконлар, қўлини бигиз қилиб иш қуролларини кўрсатиб турган опахонлар турарди. Совуқ, бино таъмири ҳали тўлиқ битмаган, усталар ярим-ёрти ишларини давом эттиряпти, бир тарафда хоналардаги қўл ювиш жўмраклари ўрнатилса, бошқа тарафга энди парталар жойлаштириляпти. Техникалар-ку ҳали етиб ҳам келмаган. Иш қуролларимизни олиб, нолимай, худди, оддий нормал давлат, нормал жамият шундай бўлиши керакдек, ишга кириша кетдик. Ўқитувчи халқи содда, озорсиз, ҳаққини талаб қилишни билмайди. Тун, совуқ, эртасига яна дарсга бориши керак, йўқ, на нолийди, на шикоят қилади, шу чойчақали ишини ҳам йўқотгиси келмайди, мактабга, ўқувчиларига содиқ. Мактабни ёғ тушса ялагудек тозаладик, пишиб кетганмиз, тажриба бор, агар шу ўқитувчилар меҳнатига бир тозалаш хизмати очилганда, аллақачон ривожланиб, катта ҳолдингга айланиб кетган бўларди. Хуллас, Президент ҳам, ундан бошқалари ҳам келмади, давлат раҳбари ташрифини Ҳастимомнинг очилиши билан тугатди. Мен буларни нафақат кўзи билан кўрган, шу воқеалар ичида яшаганларданман. Шунинг учун ҳам иккинчи маъмурият, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотлар, айниқса, мамлакатда ўқитувчилар обрўсини мустаҳкамлаш, уларни мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай туридан ҳимоя қилиш, пахта теримидан ўқитувчи ва ўқувчиларни озод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб келганман.
Минг афсуски, қатор ислоҳотлар, жазо чораларига қарамай, Янги Ўзбекистонда ҳам мактабларнинг таъмири ўқитувчиларсиз битмаяпти. Яна ўқитувчилар мажбурий равишда ўзи ишлайдиган мактабни таъмирлашга жалб қилинди. Гап шу ҳафта Самарқанд ва Андижонда чиққан шов-шувлар ҳақида бормоқда.
Андижоннинг Марҳамат туманидаги 42-сонли мактабда, Самарқанд шаҳридаги 24-сонли мактабда ўқитувчилар мактабни таъмирлаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда Ҳукуматга нисбатан эътирозларга сабаб бўлди. Эътирозлар асосан икки вазирликка қаратилган. Каримов даври мероси Тошкентда йўқ бўлгани билан вилоятлар ҳамон яшаётгани билан бошланган сўзбошилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги охирги вақтларда ўқитувчилар ҳуқуқи, таълим ва соҳавий масалалар қолиб, ҳавойи тадбирбозликлар билан овора бўлиб қолгани ҳақидаги эътирозлар билан давом этди. Жамоатчилик, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, маҳаллий бошқармалар, ҳокимиятларни ҳам саволга тутишни унутмади. Ўқитувчиларнинг мактаб таъмирига жалб қилиниши нафақат мажбурий меҳнат муаммосини, балки мактаб таъмирига ажратилган пулларнинг манзилли етиб бормаётгани масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқиш учун асос яратиши урғуланди. Бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари бу масалада сукут сақлаб келмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг иш бошлаганига бор-йўғи бир ҳафта бўлган янги раҳбари Эъзозхон Каримова ўқитувчиларнинг янги биринчи маъмурият даврида китоб, дафтар, қалам тутиш ўрнига супурги билан кўча кезиши билан жиддий кураша оладими?
Вазирлик Андижондаги ҳолат қатъий назоратга олингани ҳамда атрофлича ўрганиб чиқилаётганини билдирди. Бироқ Самарқандаги ҳолат бўйича изоҳ бергани йўқ. Самарқандда ўқитувчиларнинг мактаб таъмири жалб этилганига эса вилоят мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдириб, мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни қораланишини ва вазият тўлиқ назоратга олингани, ўрганиш ишларидан сўнг қўшимча маълумот берилишини билдирди.
Андижондаги мактаб директори ўқитувчиларни мактаб таъмирига жалб қилгани учун лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 41 млн 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган. Лекин бу қувонарли хабар эмас. Ҳар ҳолда мактаб директори ўз уйини таъмирлатмаган, мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш учун бу ишга қўл урган. Агар топшириқ юқоридан бўлмаса ёки бюджетдан йўналтирилган пуллар мактабгача етиб келса, директор нега ўқитувчиларга мактабни таъмирлатсин? Масалани тўлиқ назоратга олганини билдирган вазирлик, бу жиҳатларни ҳам ёддан чиқармай, стол остидагиларга, стол устидаги бошқа ўйинчилар олдига ҳам масалани кўндаланг қўйса, натижа бўлади.