Алламжоновга амал, “Sanjik”га қамоқ, Мирзаевга нон тўла тандир – Ҳафтада тилга тушганлар
Таҳлил
−
30 Ноябрь 13908 17 дақиқа
Бу ҳафта билимнинг қадри ортди, илмга тикилган инвестиция, ажратилган вақт, тўғри тарбия ўз натижасини кўрсатди. Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида якунига етган шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиблигини қўлга киритди.
Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 200 нафардан ортиқ шахматчи бош соврин учун кураш олиб борди. Жавоҳир Синдоров беллашувларнинг финалига қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда Синдоровга хитойлик Вей Йи рақиблик қилди. Мазкур қарама-қаршиликнинг дастлабки икки партияси дуранг билан якунланганди. Якунда ғолиб тай-брейкда аниқланди. Тай-брейк якунига кўра, Жавоҳир Синдоров 1,5 : 0,5 ҳисобларида ғалаба қозонди ва Жаҳон кубоги ғолибига айланди.
Синдоровни Президентнинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиб табриклади.
Ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган Синдоров Тошкентга қайтиб келгач, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан мукофотланди.
Айтиш ўринлики, тарихда бирон марта ўзбек шахматчиси Жаҳон кубоги финалига қадар етиб кела олмаганди. Энди ушбу муваффақият орқали Жавоҳир Синдоров 2026 йилнинг март ойида ўтказиладиган номзодлар турнирида иштирок этади.
Алламжонов яна янги лавозимга тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари, Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимларида фаолият юритган ва 2024 йилдаги суиқасддан омон қолган Комил Алламжонов тугаётган ҳафтада тилга тушганлардан бўлди. У Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг фармойиши билан маслаҳатчи-вакил –Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 12 ноябрида Президент имзолаган фармон билан Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилган эди. Фармон билан ташқи сиёсий ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи –Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилди.
Маслаҳатчи-элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Президент Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.
Ушбу лавозим эгаси ўз фаолиятида Администрация раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.
Кенгашга Ўзбекистон томонидан Саида Мирзиёева, АҚШ томонидан эса Президентнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор раислик қилади.
Айтиш ўринлики, Комил Алламжоновга амалга оширилган суиқасд мамлакатда сиёсий муҳитни тебратиб юборган эди. Суиқасддан кўп ўтмай, сабаблари маълум қилинмаган ҳолда, Давлат хавфсизлик хизматини бошқариб келган генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров, Бош вазирнинг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири Сарвар Ашуров лавозимидан озод қилинди. Суиқасд бўйича қўзғатилган жиноят иши Ҳарбий судда кўрилди ва унда Президент хавфсизлик хизмати собиқ ходими Шуҳрат Расуловга 23 йил, буюртмаси сифатида кўрилган Жавлон Юнусовга 18 йил 6 ой, Тошкент шаҳар ИИББ ходими Дониёр Тошхўжаевга 7 йил, ижрочилар Шоҳруҳ Аҳмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Яна 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари берилган. Уларнинг шахси эса очиқланмаган.
Комил Алламжонов келсак, у охирги бор Президент Администрацияда кўриниш берган 2024 йилнинг 30 сентябридан деярли 9 ой ўтиб, 2025 йилнинг 23 июнь куни яна Администрация коридорларида кўриниш берди. Ўша куни Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланди. Алламжонов гарчи Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланган бўлса-да, Администрация раҳбарига маслаҳатчиликни ҳам ўзида сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистонга Ироқдан 100 нафар тадбиркор олиб келинади
Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан савдо имкониятларини ошириш, айниқса, биринчи маъмурият даврида узоқ тутилган мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш борасидаги қадамлари фақат АҚШ ва Европа мамлакатлари билан тугамайди. Рўйхатда Ироқ ва Сурия ҳам бор. Сўнгги йилларда “Толибон” ҳумкронлигидаги Афғонистон билан иқтисодий имкониятларни кенгайтириб бораётган Тошкент энди Сурия ва Ироқни ҳам кун тартибига киритмоқчи.
Кейинги йилдан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Ироқнинг 100 нафар тадбиркори Самарқандга олиб келинади, Ўзбекистон-Ироқ бизнес форуми ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида сўз очди.
Унинг қайд этишича, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 миллиард долларлик электротехника, текстил, озиқ-овқат, автомобиль, фармацевтика ва қурилиш материалларига эҳтиёж бор. Лекин, бу бозорларга жадал кириб бориш учун на тармоқ раҳбарлари ва на ҳокимлар тайинли натижа кўрсатмоқда.
Президентнинг айтишича, йил якунигача Афғонистонни Мозори-Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовга кўра, Ироқ бозорида ўзбекистонлик тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб катта, бозор бўш.
Мирзиёева кечиктириб бўлмайдиган масалаларда йиғилиш ўтказди
Ҳафта бошини Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказиш билан бошлаган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳафта охирлаганда мамлакат куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйилган.
Саида Мирзиёева жамиятда, биринчи навбатда ёшлар орасида гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан асраш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг бевосита вазифаси эканини урғулаган. Бу йўналишдаги ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қатъий равишда чек қўйилиши шарт экани айтилган.
Мирзиёевага кўра, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш – қатъий ва доимий назоратни талаб қиладиган масала.
Яширишга ҳожат йўқ, Ўзбекистонда наркожиноятлар йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, гиёҳванд моддаларнинг янги турлари – синтетик гиёҳвандлик воситалари ёшлар орасида жуда тез тарқалмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 3 ноябрь куни имзолаган янги фармон билан наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташ муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилди.
Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан, шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилиши ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин. Бироқ, наркожиноят содир этган шахслар билан бундай амалиёт қўлланилмайди.
Энди Ўзбекистонда ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан ёки уни жалб қилган ҳолда содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади, шунингдек, уларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади.
Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жазо 2 бараварга оғирлаштирилади ҳамда айнан ушбу жойларда вояга етмаганларни мазкур моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
Энди наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланади ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Ўзбекистонда наркожиноятлар йил сайин ортиб бормоқда. 2020 йилда 6032 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилгача бу рақам тенг баравардан ортиққа ошиб, 12278 тани ташкил этган. Уларнинг 3167 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Яъни, ҳар учинчи наркожиноятчи 30 ёшгача бўлган ёшлар экани айтилмоқда. Қолаверса, бундан беш йил аввал наркожиноятларда аёллар улуши атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган.
Наркотикларни назорат қилиш миллий марказига кўра, илгари асосан опиатлар ва анъанавий наркотик моддалар хавф туғдирган бўлса, бугун синтетик моддалар ва интернет орқали савдо каналлари биринчи ўринга чиқмоқда. Мефедрон, спайслар, А-ПВП ва яширин нарколабораторияда ишлаб чиқарилган бошқа синтетик наркотик моддаларнинг улуши тез суратда ўсиб бормоқда. Уларни ишлаб чиқариш арзонроқ, ташиш осонроқ ва таъсири кучлироқ. Айнан шу сабабли синтетик моддалар анъанавий опиатлар ва каннабисни сиқиб чиқармоқда.
Шу билан бирга, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳам кучайган. Прегабалин, сибутрамин ва тропикамид каби фақат рецепт асосида сотилиши лозим бўлган дори воситалари қарамликнинг янги шаклига айланган. Фақат сўнгги уч йил ичида уларни мусодара қилиш миқдори бир неча баробарга ошган. Бу дориларнинг кўпи интернет ва дорихоналар орқали сотилиб келинмоқда.
Расмийларга кўра, йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинган. Аммо жамоатчилик, фаоллар Ҳукуматни гиёҳванд моддаларнинг савдоси, айланмаси ва мамлакатга кириб келиши билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан курашни суст олиб боришда айблаб келади. Айниқса, синтетик гиёҳванд моддаларнинг савдоси ортиб бораётгани, баъзи жойларда уни ташиш ва сотиш, истеъмол қилиш эмин-эркин экани, ҳуқуқ-тартибот органлари етарли даражада чоралар кўрмаслиги танқид қилинади.
Жамоатчиликнинг фикрича, ушбу масала билан шахсан Президентнинг тўнғич қизи шуғулланаётгани масаланинг жиддийлиги ва бу борадаги вазият кескин тус олишини англатмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, Саида Мирзиёева йиғилиш ўтказган куннинг ўзидаёқ мамлакат бўйлаб гиёҳванд моддаларга нисбатан рейдлар кучайтирилди.
Тошкентлик “куёв” ортидан “Sanjik” ҳам қамоққа олинди
Тошкентнинг Малика бозоридаги “куёв” ва унга чув тушган Жамила Алимбаевани эслайсизми? Бош-бошидан Алимбаевлар оиласини чув туширган куёв Шаҳзодга алоқадор сифатида кўрилган, ижтимоий тармоқларда “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримов тугаётган ҳафтада ҳибсга олинди.
Қайд этилишича, 35 яшар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. У Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасига кўра, Миробод туман судида ўтган маҳкама қарори билан Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Агар эсингизда бўлса, 1999 йилда туғилган Жамила Алимбаева ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқиб, 1997 йилда туғилган Шаҳзод исмли йигит уйланиш важи билан уни алдагани, у оиласи билан яшаётган уйни 240 минг АҚШ доллари эвазига гаровга Санжар Каримовга ўтказиб бергани, кейироқ кўздан ғойиб бўлгач, Каримов қизнинг оиласидан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилгани бўйича мурожаат билан чиққан эди. Санжар Каримов қиз ва йигит ўртасидаги муносабатлардан бехабарлиги, уйни сотиб олгани, сўнг бир ойдан кейин сотганини иддао қиларкан, орадан кўп ўтмай, уйни меҳрибонлик уйига ҳадя қилганини билдирди, бироқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Каримов уй-жойни меҳрибонлик уйига топширмаганини айтиб чиқди.
Бу орада ўтган ҳафта қизни чув туширган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Тандир! Ҳоким саратон нега кўпаяётганини айтди
Бизнинг ҳокимларда ҳар соҳадан бир шингил бор, ҳатто, шифокорликда ҳам. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг айтишича, аёллар тандирда нон ёпмай қўйгани учун саратонга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётган эмиш.
Зойир Мирзаевнинг гапига қанчалик ишонин мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги миқ этгани йўқ. Илмий ва тиббий асосларни ҳам тақдим этгани йўқ, тандирда нон ёпиш ҳақиқатан ҳам саратоннинг олдини оладими, ё йўқ, бунга ҳам аниқлик киритмади. Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳар иккинчи одам “табиб”. Табиб – табиб эмас, бошидан ўтказган – табиб, нақлига республика аҳолиси бугунги даврда ҳам ҳаддан зиёд амал қилади. Дорихонлардаги турнақатор навбатларнинг асосий сабаби ҳам шу. Одамлар шифокорга кўринмай дори истеъмол қилишга, ҳатто, халқаро тажрибада рецептсиз бериладиган антибиотикларни ҳам нос отгандек кафтлаб отишга одатланган. Шу боис, ўзини табиб деб эълон қилган баъзиларнинг ошиғи олчи. Зойир Мирзаевнинг айтганлари эса гарчи ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаса-да, ҳозирча ўша табибларнинг бизнесига сув пуркаётгандек, таассурот уйғотади.
Ўзбекистонда саратонга чалиниш ҳолатларининг аниқ сони ҳақида маълумот берилмайди. Google қидирув порталига “Ўзбекистонда саратон” сўровини киритсангиз, саратонга оид маълумотлардан кўра, уни даволайдиган хусусий клиникаларнинг рекламаси чиқиб келади. Имкон топган ўзбекистонликлар саратонни даволаш учун Туркия, Ҳиндистон, Германия каби давлатларга мурожаат қилишга одатланган. Қозоғистон ҳам Марказий Осиёда бу борада устунликка эга.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонда 12075 киши саратондан вафот этган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, ўсимталар сабаб 2024 йилда 8139 аёл вафот этган. Бу ўн йил аввалги рақамларга солиштирганда 1272 тага кўп.
Жиззахда ИИБ ходими бедарак йўқолди
Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходими Мамаюсуф Раҳматуллаев бедарак йўқолди. У 27 октябрь куни эрталаб ишга кетган, шундан кейин уйига қайтмаган. Олиб борилаётган қидирув ишларига қарамай, у ҳамон топилмаган.
У бедарак кетганидан қарийб уч ҳафта ўтиб, Зафаробод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Наманганда йўл-транспорт ҳодисасида 28 ёшли йўл-патруль хизмати ходими вафот этди.
Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 18 ёшли шахс Onix автомобилини катта тезликда бошқариб келаётиб, ўзи билан бир йўналишдаги автомобилни нотўғри қувиб ўтаётганида олдиндаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда Навоий вилояти Йўл-патруль хизмати ходими Дониёр Нуриллоев оғир тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янги Наманган тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хорижда ўзбек фуқаролари нега ушлангани айтилди
Халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун 25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси хорижда ушланиб, мамлакатга олиб келинди.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган. Қўлга олинган шахс диний-экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб келгани аниқ бўлган. 1999 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамда Афғонистон, Покистон ва Сурия давлатлари ҳудудларидаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида яшириниб юрган киши эса МДҲга аъзо давлатлардан бирида қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 154- (ёлланиш), 155- (терроризм), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада Бирлашган Араб Амирликларидан Интерпол каналлари орқали оғир жиноятлар содир этганлик айби билан халқаро қидирувда бўлган 3 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, олиб келинган шахслар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мамлакат ҳудудида содир этилган иқтисодий ва мулкий жиноятларга оид айбловлар бўйича қидирувда бўлган.
Россияда мигрант ўлдириб, кўмиб қўйилди
Хориждаги ўзбекистонликлардан узоқлашмаймиз. Россиянинг Владимир вилоятидаги қишлоқда 54 ёшли ўзбекистонлик мигрант таниши томонидан шафқатсизларча ўлдирилди.
Ҳудудий тергов қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида марҳумнинг қариндоши у бедарак йўқолгани ҳақида полицияга мурожаат қилган. Аниқланишича, 16 ноябрь куни ўша эркак 48 ёшли маҳаллий аёлнинг уйига борган. Улар спиртли ичимлик истеъмол қилгач, жанжал чиққан. Аёл эркакни итарган, у полга йиқилганида эса уни арқон билан бўғиб ўлдирган. Аёл жиноят изларини яшириш учун жасадни ҳовлисидаги олма дарахти остига кўмиб қўйган.
Ўлдирилган эркак Россияда узоқ йиллар яшаб, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаган. Аёл ва эркак ўртасидаги келишмовчилик пул сабабли чиққан: эркак аёлнинг аввал олган қарзини талаб қилган, аёл эса яна пул сўраган. Жиноятдан сўнг гумондор аёл унинг телефони ва банк картасини ҳам ўзлаштирган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида далилий ашё топилган. Шунингдек, аёлнинг аввал ҳам наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун судлангани аниқланган.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўладими?
Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг бу ҳафта эълон қилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Россия билан музокаралар деярли якунланди. Олдинда эса фақат Тайвань билан мулоқот қилиш турибди.
Гап шундаки, Москвада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича Россия музокара гуруҳи билан келишувга эришиш учун самарали учрашув ўтказилган. Уруновга кўра, музокаралар деярли якунланди: барча асосий элементлар келишиб олинди ва фақат бир нечта техник жиҳатлар якуний текшириш ва тасдиқлашни талаб қилади.
Ҳаммасини декабрь ойида Женевада бўлиб ўтадиган Жаҳон савдо ташкилоти Бош кенгаши йиғилишида Россия томони билан якуний натижага эришиш ҳал қилади. Энди Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича қолган икки томонлама музокараларни якунлаш учун фақат Хитой Тайбэйи, яъни Ўзбекистон томонидан тан олинмаган Тайвань билан мулоқот қилиниши керак.
Ўзбекистон Тайванни тан олмайди ва Ягона Хитой позициясига содиқ. Ҳатто Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ининг ўтган ҳафта Душанбе, Бишкек ва Тошкентга қилган сафарида ҳам ушбу масала очиқ муҳокама қилинган.
“Мен уч мамлакат Ташқи ишлар вазирларини Хитойнинг Тайвань масаласидаги принципал позицияси билан таништирдим ва Япониянинг ҳозирги раҳбариятининг мамлакатимиз асосий манфаатларига очиқчасига тажовуз қилаётган ва Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ўрнатилган халқаро тартибни шубҳа остига қўяётган хато сўзлари ҳамда ҳаракатларини фош қилдим”, дейди Ван И.
Ван Ининг қайд этишича, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон “ягона Хитой” тамойилини ва Пекиннинг охир-оқибат Хитойнинг материк қисмини Тайвань билан бирлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Ван И уч мамлакат ташқи ишлар вазирларининг бундай очиқ қўллаб-қувватлаши “ўз вақтида” эканлигини билдираркан, Хитой расмийлари ҳам бу мамлакатларнинг ички ишларига аралашишга қаршилиги ва ҳеч қандай шахслар ёки кучларнинг у ерда низо ва беқарорлик келтириб чиқаришига йўл қўймаслигини айтган.
Ўзбекистон томони “ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди, “Тайвань мустақиллиги”нинг ҳар қандай шаклига қарши чиқади ва Хитой ҳукуматининг Хитойни бирлаштиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди.
Шу ўринда савол туғилади. Ўзбекистоннинг “Тайвань мустақиллиги”га қарши чиқиши унинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик борасидаги ҳаракатларига таъсир кўрсатмайдими? Ҳар ҳолда сўнгги келишув айнан Тайбэй билан.
Аслида бу баёнотларнинг ҳар бирига етарли асос бор. Япония ва Хитой ўртасидаги кескинлик Санаэ Такаити жорий йилнинг 7 ноябрь куни парламент муҳокамаси пайтида Тайвань яқинидаги мумкин бўлган ҳарбий инқироз “мавжудлик таҳдиди”ни келтириб чиқариши ва Японияни “коллектив ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан” фойдаланишга мажбур қилиши мумкинлигини айтганидан кейин кучайди. Бу Пекинда кучли норозиликни келтириб чиқарди ва Токиога жиддий огоҳлантириш берди. Осакадаги Хитой бош консули Сюэ Цзянь ўзининг ижтимоий тармоқдаги Х (собиқ Twitter) аккаунтида Япония Бош вазирининг “бошини кесиб ташлаш” билан таҳдид қилди, аммо кейинчалик пост ўчирилди. Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларини Японияга саёҳат қилишдан огоҳлантирди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева эса тугаётган ҳафтада Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси жаноб Кенжи Хирата билан учрашиб, Ўзбекистон Президентининг Японияга бўлажак ташрифига тайёргарлик масаласини муҳокама қилган.
Айтиш ўринлики, жорий йилнинг август ойида Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая Ўзбекистонга келиб, Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди. Ўшанда Тошкентда илк бор олий даражадаги ҳамкорликнинг янги формати – Япония ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти бошлангани эълон қилинди.
Сув ўрнига “свет”: Ўзбекистон Қирғизистон билан келишиб олди
Еган оғиз уялар, деганларидек Ўзбекистон Қирғизистондан сув олиш эвазига унга электр энергияси етказиб беришга розилик билдирди. Олмаота шаҳрида ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирлари йиғилишида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик параметрлари ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Тўхтагул сувомборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ўзаро электр энергияси етказиб бериш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ва келгуси вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қарор қилган.
Бунда Қозоғистон ва Ўзбекистон куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беради. Бу Қирғизистон томонига қишда электр ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш ва Тўхтагул сувомборида сув тўплаш имконини беради. Жамғарилган ҳажм вегетация даврида жанубий ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғоришни таъминлаш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади.
Бундан ташқари, минтақада истеъмолни камайтириш ва энергияни тежаш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилган.
Чанг чекинди-ми?
Эътибор бераётган бўлсангиз, ҳозирги дақиқаларгача экология масаласи, Тошкентдаги хавотирли вазият ҳақида миқ этмадим. Чунки, буёғига вазиятни кузатиш керак. Тошкентда ҳаво ўтган ҳафтадагига нисбатан бироз бўлса-да яхши томонга ўзгарди. Президент назоратни ўз қўлига олди, кечиктириб бўлмайдиган чоралар бўйича фармон имзолади, махсус комиссия тузилди, қурилишлар, иссиқхоналар устидан назорат кучайтирилди. Иссиқхоналарни газлаштириш бошланди. Ҳатто, жума намозидан кейин ёмғир сўраб ибодат қилинди. Энди эса натижани кутиш, ўзгаришлар жараёнига ҳисса қўшиш қолди, холос.