Деновдаги кураш майдонида полвон пичоқлаб ўлдирилди
3-саҳифа
−
11 Май 16688 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 май куни Сурхондарё вилоятидаги Денов тиббиёт коллежида бўлиб ўтган кураш мусобақаси давомида курашчи полвон пичоқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатни тасдиқлади.
QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, мазкур коллежда полвоннинг ўғли рақибини йиқитган ва оқибатда жанжал кўтарилган. Шундан сўнг, йиқилган боланинг акаси полвонни пичоқлаган. Шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан, полвон олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Кеча, 10 май куни унинг дафн маросими ўтказилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, ҳолат жорий йилнинг 9 май куни 14:30 ларда содир бўлган. Ж.Д. укаси Ж.Б. нинг курашда Х.А. дан мағлубиятга учраганидан жахли чиқиб, Х.А. нинг отаси Ч.Н. нинг орқа томонидан борган ва ошхона пичоғи билан унинг биқинига 4 маротаба санчган. Оқибатда Ч.Н. Денов туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Ж.Д. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “л” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳолат юзасидан туман пркокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Косонсой туманида йигит рашк туфайли ўзи билан унаштирилган, 11 синфда таҳсил оладиган севгилисини пичоқлаб ўлдирганди.
Live
Барчаси