Электромобилларга 300 сўмлик тариф ва янги имтиёзлар берилади
Жамият
−
20:03 1306 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йилдан электромобил эгалари ва “яшил” транспортда фаолият юритаётган таксичиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги чоралар амалга оширилади. Бу ташаббуслар президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида белгиланган.
Жорий йил 1 майдан бошлаб электр қувватлаш шохобчаларида 1 кВ•с энергия учун тўлов 300 сўм этиб белгиланади. Агар амалдаги тариф бундан юқори бўлса, фарқи давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Шу орқали электр транспортидан фойдаланиш харажатлари сезиларли даражада камайтирилади.
1 мартдан эътиборан электромобилда такси хизмати кўрсатаётган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун қатор енгилликлар жорий этилади. Жумладан, ижтимоий солиқ бўйича 10 фоизгача имтиёз берилади. Шунингдек, давлат ташкилотларига қарашли автотураргоҳларда, аэропорт ва вокзал ҳудудларида 30 дақиқагача бепул тўхташ имконияти яратилади. Қоидабузарлик ва йўл-транспорт ҳодисаларисиз 1 миллион километр масофани босиб ўтган ҳайдовчилар “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Қувватлаш инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида шохобчалар учун ажратиладиган ер участкалари аукционда бозор баҳосидан икки баробар арзон бошланғич нархда таклиф этилади. Бу тартиб ҳам 2026 йил 1 майдан кучга киради.
Бундан ташқари, ҳудудларда 14 та ботаника ва дендрология боғи, 20 та соя-салқин сайр кўчаси барпо этиш режалаштирилган. Франция, Хитой ва Саудия Арабистони тажрибаси асосида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий қилиш бўйича илмий асосланган пилот лойиҳа ҳам ишлаб чиқилади.
Ушбу чора-тадбирлар экологик барқарорликни таъминлаш, атмосфера ифлосланишини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда электромобилларни зарядлаш станциялари 2028 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилинган эди.
Live
Барчаси