Эпштейн билан алоқалар: дубайлик магнат курсисини бўшатди
Олам
−
14 Февраль 6625 2 дақиқа
Дубайда жойлашган глобал логистика гиганти DP World раҳбари Султон Аҳмaд бин Сулайм “Эпштейн иши” билан алоқалари ошкор бўлгач, лавозимини тарк этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, компания унинг истеъфоси “зудлик билан кучга кирганини” маълум қилган. Янги раҳбар сифатида Эсса Казим директорлар кенгаши раиси, Ювраж Нараян эса бош ижрочи этиб тайинланган.
Ошкор этилган ҳужжатлар Сулаймнинг судланган молиячи Жеффри Эпштейн билан ўн йил давомида юзлаб электрон хатлар алмашганини кўрсатади. Ҳужжатларда тилга олиниши қонунбузарликни англатмайди, бироқ ҳамкорлар босими кескин ошган. Жумладан, Буюк Британия тараққиёт молия агентлиги ҳамда Канаданинг йирик пенсия жамғармаларидан бири янги инвестицияларни тўхтатган.
BBС таҳлилига кўра, ёзишмалар 2007 йилдан бошланган бўлиши мумкин. Улар сафар режалари, бизнес ғоялари ва турли танишувларни ўз ичига олган. 2013 йилги хатларнинг бирида Эпштейн Сулаймни “энг ишончли дўстларидан бири” деб атаган. Мулоқотлар 2017 йилгача давом этгани айтилган. Бу эса Эпштейннинг 2008 йилдаги суд ҳукмидан кейинги даврда ҳам алоқалар давом этганини билдиради.
Ҳужжатларда сиёсий доираларга чиқишлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Масалан, ўша пайтдаги Британия бизнес вазири Петер Манделсон билан алоқа ўрнатишда Эпштейн воситачилик қилгани ёзилган. Шунингдек, Сулайм 2016 йилда Лондон Гатевай портида шаҳзода Уильямни қабул қилгани ва Букингем саройидаги тадбирда иштирок этгани тилга олинади. Бошқа ёзишмаларда халқаро арбоблар — Эҳуд Барак, Стив Баннон ва бошқалар билан таништиришлар қайд этилган.
Баъзи хатлар аёллар ҳақидаги ножўя изоҳлар, шахсий учрашувлар ва меҳмонхонадаги “хусусий массажчи”ни тайёрлаш масалаларини ҳам ўз ичига олади. Айрим жойлари таҳрирланган ҳужжатлар контекстни тўлиқ очмайди. Оҳирги баҳслар фонида ошкор қилинган ушбу файллар жамоатчилик эътиборини яна кучайтирди. Сулайм изоҳ беришдан ҳозирча тийилган, бироқ компания раҳбариятдаги ўзгаришлар билан вазиятни барқарорлаштиришга уринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойининг охирги кунларида АҚШ Адлия вазирлиги Жеффри Эпштейн – судланган жинсий жиноятчи ва дунёнинг энг “қудратли” шахслари билан алоқалари бўлган шахс – бўйича тергов материалларига оид 3 миллиондан ортиқ саҳифани, жумладан, минглаб видео ва тасвирларни ошкор қилинган эди. Уларда муқаддас Каъбанинг ёпинчиғига оид маълумотлар ҳам бор.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль