Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
04 Декабрь 4104 2 дақиқа
Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бугун, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди депутатлар томонидан тасдиқланди.
“Халқимиз яхши яшасин, фарзандлари замонавий билим ва касб эгалласин, даромади кўпайсин деб ҳаракат қиляпмиз. Мен аминман, яна бир-икки йил қаттиқ излансак, Сирдарёда жуда катта ўсиш, ривожланиш бўлади. Вилоятда мана шундай ишларни ташкил қилиш учун қатъиятли, талабчан, энг асосийси, аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган масалаларга тезкор ечим топадиган салоҳиятли раҳбар керак”, дейди давлат раҳбари.
Сессияда ташкилий масала кўрилган. Президент аҳоли ва тадбиркорларнинг фикрини ўрганиб, Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажараётган Эркинжон Турдимовни тавсия этишга қарор қилганини қайд этган.
Вилоят фаолларининг фикрлари тингланиб, ҳокимни тайинлаш масаласи овозга қўйилган. Овоз бериш натижаларига кўра, Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Ҳоким Сирдарёни ривожлантириш бўйича режаларини ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириб, вилоятни энг илғор ҳудудлардан бирига айлантириш учун келаси йил вилоятга жами 3 миллиард доллар инвестиция киритиш, экспортни 500 миллион долларга етказиш, 185 минг одамни банд қилиш бўйича қаттиқ ишлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. У 2018 йилдан 2024 йил ноябргача Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Улуғбек Мавлонович Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланганди.
Live
Барчаси