Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб Ўзбекистон самолётлари ортга қайтди
Олам
−
15 Январь 6845 2 дақиқа
Эрон ҳаво ҳудуди барча самолётлар учун ёпилгани сабабли, Ўзбекистон самолётлари ҳам жўнаш аэропортига қайтишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.
Чекловлар Тошкент вақти билан бугун, 15 январь куни 00:45 да кучга кирган ва 15 январь соат 8:00 гача давом этиши режалаштирилган, аммо маълумотларга кўра, таъқиқ ҳанузгача ўз кучида қолмоқда.
“Uzbekistan Airports”нинг қайд этишича, Эрон ҳаво ҳудудига учган қуйидаги рейслар жўнаш аэропортларига қайтган:
“Fly One Asia” авиакомпаниясининг 7Q7742 рейси (Мадина – Тошкент йўналиши) Мадина аэропортига қайтган.
“Jazeera Airways” авиакомпаниясининг J9650 рейси (Тошкент – Қувайт йўналиши) Тошкентдан маҳаллий вақт билан соат 02:01 да учиб чиққан бўлса-да, яна Тошкент аэропортига қайтган.
“Sam Air” авиакомпаниясининг 9C3303 рейси (Самарқанд – Жидда йўналиши) Самарқанддан маҳаллий вақт билан 02:04 да ҳавога кўтарилиб, Самарқанд аэропортига қайтиб келган.
“Fly Khiva” авиакомпаниясининг 2U7911 рейси (Урганч – Мадина йўналиши), Урганчдан маҳаллий вақт билан 02:17 да учиб чиқиб, яна Урганч аэропортига қайтган.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY336 рейси (Жидда – Тошкент йўналиши) ҳам Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Жидда аэропортига қайтишга мажбур бўлган.
Қайд этиш жоиз, 14 январь куни “Reuters” агентлиги европалик расмийга таяниб, АҚШ яқин 24 соат ичида Эронга зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди. Ушбу хабарлардан кейин Эрон ҳаво ҳудудини ёпишга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда давом этаётган норозилик намойишлари оқибатида камида 12 минг киши, эҳтимол ундан ҳам кўпроқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси