Эрон АҚШга ядровий қурол ишлаб чиқиш билан таҳдид қилди

Олам

image

Эрон ҳукумати агар АҚШ томонидан ҳарбий зарбалар қайта тикланса, уранни қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган 90 фоизлик кўрсаткичгача бойитиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси вакили Иброҳим Ризоий маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ядровий дастурни қуролланиш даражасига кўтариш масаласи тез орада парламентда муҳокама қилинади.

Бундай кескин баёнотлар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон томонидан илгари сурилган сўнгги тинчлик таклифини “мутлақо қабул қилиб бўлмас” деб рад этганидан сўнг янграй бошлади. Трамп ҳозирги ўт очишни тўхтатиш келишувининг истиқболини жуда паст баҳолаб, сулҳнинг сақланиб қолиш имконияти бор-йўғи “бир фоиз” эканини таъкидлаганди.

Айни пайтда ядровий захиралар масаласи музокаралардаги энг асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, Эрон ихтиёрида 400 килограммдан ортиқ 60 фоизгача бойитилган уран мавжуд. Вашингтон ушбу захираларни зудлик билан мамлакатдан олиб чиқилиши ёки бойитиш жараёни камида 20 йилга тўхтатилишини талаб қилган.

АҚШ расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, Теҳрон мавжуд хомашёни бор-йўғи икки ҳафта ичида қурол даражасига келтириши ва бу захира 11 та ядровий жанговар каллак яратиш учун етарли бўлиши мумкин.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам масалага қатъий муносабат билдириб, Эроннинг ядровий салоҳияти тўлиқ йўқ қилинмагунча урушни тугаган деб ҳисоблаб бўлмаслигини айтган. Шу билан бирга, минтақада психологик босим ҳам кучайган. Исроил ОАВлари маҳаллий фуқароларнинг телефонларига Эрон номидан таҳдидли хабарлар келаётгани, унда тунги осмонда қуёшни кўрасиз, дея яқинлашиб келаётган ракета ҳужумларига ишора қилинаётгани ҳақида ёзмоқда.

Покистон воситачилигида ўрнатилган ва 8 апрелдан буён амал қилаётган вақтинчалик тинчлик ҳолати ҳозирда жиддий хавф остида турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ўртасида бир ойдан бери амал қилиб келаётган ўт очишни тўхтатиш келишуви “сунъий нафас бериш” ҳолатида эканини билдирган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Эрон ядровий қурол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг