Теҳроннинг “Қўғирчоқ театри” ёхуд “Қаршилик ўқи”
Таҳлил
−
06 Март 13739 10 дақиқа
Оятулоҳ Али Хоманаий ўлди. Теҳрон ҳукумати халқига Олий раҳнамо учун қасос олишга ваъда берди. Хўш, дунёнинг энг қудратли ҳарбий салоҳиятига эга АҚШ ва унинг “эркатойи” бўлмиш Исроилга қарши Эрон қўлида нималар бор?
2026 йилги “Global Firepower” рейтингига кўра, дунёнинг 16-энг қудратли давлати ҳисобланмиш Эроннинг ҳарбий стратегияси асосан асимметрик уруш, яъни душман устидан технологик эмас, балки кутилмаган зарбалар ва сон жиҳатдан устунлик қилишга асосланган. Ракета арсеналида Хорамшаҳр-4 ўрта масофали баллистик ракеталар Fattah-1 ва Fattah-2 гипертовушли тезкор ракеталар, Шаҳаб-3 ва Эмад номли АҚШ ҳарбий базаларига ва Исроил ҳудудларигача етиб бора олучи баллистик қуроллар мавжуд.

Шунингдек, “Шаҳид-136” номли “камикадзе” дронлар ва “Шаҳид-149” деб аталучи 35 соат давомида учиб 13 тагача бомба олиб юриш имкониятига эга учувчичисиз ҳаво аппаратлари мавжуд. 600 мингдан ортиқ аскардан иборат армия ва бир нечта сувости кемалари Эрон ҳарбий қудратининг асосидир.
Хўш, бўлдими, шу холосми, деган савол хаёлинггизга келган бўлиши табиий. Йўқ, албатта. Мамлакат чегаралари ортида расмий тан олинмайдиган, аммо ҳаммага маълум бўлган бир нечта Эрон армиялари ёки сиёсий тил билан айтганда прокси кучлари мавжуд.
Теҳроннинг “Қўғирчоқ театри” ёхуд “Қаршилик ўқи”
Яқин Шарқ — гўё улкан ва қонли шахмат тахтаси. Бу тахтада шундай ўйинчилар борки, улар бевосита жангга кирмайди, балки “шахмат доналари”ни парда ортидан туриб суради. Минтақа сиёсатида кўринадиган фронт чизиғи билан кўринмайдиган таъсир чизиғи ўртасида катта фарқ бор. Ана шу “кўринмас чизиқ” марказида кўпинча Эрон номи ва унинг прокси гуруҳлари туради.
Прокси кучлар – (инглизча proxy – вакил, бировнинг номидан ҳаракат қилиш ваколати) бу давлатлар халқаро майдондаги ўз манфаатларини бевосита очиқ урушга кирмасдан, балки бошқа давлатлар, гуруҳлар, ҳарбий кучлар орқали амалга оширадиган билвосита таъсир воситаси ёки жайдари қилиб айтганда мамлакатлар миқёсидаги ёлланма жангчилар гуруҳи.
Замонавий геосиёсий “ўйинлар”нинг муҳим бир қисмига айланиб улгурган ушбу тушунча ҳақида гап кетганда Эрон Ислом Республикасининг эсланиши одат тусига кириб қолган. АҚШ манбаларида террор сўзи билан кўп ҳолларда ёнма-ён келадиган “Ҳизбуллоҳ”, ҳусийлар ёки ҲАМАС каби қатор гуруҳларнинг Эрондан энг камида ёрдам олиши ҳақидаги миш-мишлар сизнинг ҳам қулоғинггизга чалинган бўлса керак.
Теҳрон ўзининг бевосита урушга кирмасдан туриб минтақадаги рақибларига босим ўтказиш стратегиясини “Қаршилик ўқи” (Axis of Resistance) номи билан атайди. Бу атама расмий иттифоқ шартномаларига эмас, мафкуравий яқинлик ва стратегик манфаатларга асосланган тармоқни англатади. “Қаршилик ўқи” Исроил ва АҚШнинг минтақадаги таъсирига қарши турувчи иттифоқ сифатида талқин қилинади. Ўқ таркибидаги ҳарбий, сиёсий гуруҳлар Эроннинг ўз чегараларидан юзлаб километр узоқликда душманларини тийиб туриш учун яратган “жонли қалқони”дир.

“Қаршилик ўқи” деганда одатда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Фаластиндаги ҲАМАС ва “Фаластин Исломий жиҳоди”, Ироқдаги “Ҳашд аш-Шааби” таркибидаги айрим шиа қуролли гуруҳлар ҳамда Ямандаги Ансоруллоҳ (ҳусий ҳаракати) тилга олинади. Уларнинг ҳар бири алоҳида маҳаллий контекстга эга, бироқ умумий маслак – АҚШ ва Исроил таъсирига қаршилик ҳамда Эрон билан идеологик ҳамда ҳарбий алоқалар уларни боғлаб туради.
Теҳроннинг бу гуруҳларни молиявий, ҳарбий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани ҳақида Ғарб манбалари кўп бора даъво қилган. Эрон эса одатда бу ёрдамни “маънавий ва сиёсий кўмак” сифатида талқин қилади. Ҳақиқатни эса кўпинча очиқ манбалардан топиш мушкул. Бир томонда мана неча йилдирки халқаро санкциялар гирдобида жон сақлаб келаётган, гиперинфляция ва коррупция ботқоғида қолган давлатнинг доимий фаол бўлган жангари гуруҳлар учун ўз бюджетидан пуллар ажратиши қанчалик мантиқан, деган савол ўйлантиради. Аммо кунига миллионлаб баррель нефтни Хитойга сотувчи Эрондан кўп нарсани кутиш мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бундан ташқари прокси урушларни молиялаштириш бевосита урушга киришдан кўра анча арзонроқ ҳам. Гўё шахмат тахтасида шоҳни ҳимоя қилиш учун пиёдаларни олдинга суриш каби Эрон ҳам Исроил ва АҚШ кучларини ўз чегараларидан узоқроқда банд қилиб туриш мақсадида ҲАМАС ёки “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳларни ишга солиши мумкин.
Бундан ташқари, прокси кучлар Эроннинг минтақадаги таъсирини кенгайтиради. Ливандан Ямангача чўзилган “таъсир камари” Эронни минтақавий куч сифатида сақланиб қолишига ёрдам беради. Қўшнинг тинч – сен тинч деганларидек, деворинггиз ортида нима бўлаётганини билиб туриш ва назорат қилиш тунда беўйлов ухлашинггизга имкон беради.
Шу ўринда прокси кучларнинг камчиликлари ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим. Бундай ҳарбий гуруҳлар кўп ҳолларда фақат биргина давлат томонидан молиялаштирилмайди, бу дегани ягона бошқарув йўқ, ким пулини берса унинг истагани бўлади. Бундан ташқари юқорида эсланган гуруҳлар мустақил акторлар сифатида ҳам ҳаракат қилиш имкониятига эга. Иккинчидан, бу гуруҳлар фақат беқарорлик бор жойда яшай олади. Улар давлат ичидаги давлатга айланиб, Ливан ёки Ироқ каби мамлакатларнинг миллий суверенитетини емирувчи “саратон ҳужайралари”га айланади.
Гарчи қатор ҳарбий гуруҳлар етаклчилари Эрондан “ёрдам” олишини бир неча бор тан олган бўлсада, Теҳрон буни юқоридан назорат учун эмас, иттифоқчилик ва мафкуравий кўмак сифатида талқин қилиб келади. Аммо, сиёсатда ҳар қандай ёрдам ҳам инсонпарварликдан бўлавермайди, айниқса ушбу кўмаклар қон тўкилишига сабаб бўлса. Емоқнинг қусмоғи бор, деганларидек ўзи шундоқ ҳам мураккаб иқтисодий ҳолатдаги Теҳроннинг пуллари эвазига бу гуруҳлар ҳам нимадир қилиб бериши керак.
Прокси урушлар тарихи
Яқин Шарқда ҳар бир портлаш ортида фақат ўқ-дорининг эмас, стратегиянинг ҳам изи бор. Кўплаб Ғарб мутахассислари сўнгги ўн йилликлардаги қатор можароларни Эрон билан боғлайди ва унинг “прокси урушлар” орқали минтақани шакллантираётганини таъкидлайди. Бироқ бу тасвир қанчалик объектив, қанчалик геосиёсий тарғибот маҳсули — бу ҳам очиқ қолаётган савол.
.jpg)
Эроннинг илк йирик прокси тажрибаси сифатида кўпинча 1982 йилги Ливан воқеалари тилга олинади. Исроилнинг Ливанга бостириб кириши фонида Теҳрон Ливан шиалари орасидаги мафкуравий яқинликдан фойдаланиб, “Амал” ҳаракатидан ажралиб чиққан “Ҳизбуллоҳ”ни сиёсий, молиявий ва ҳарбий қўллаб-қувватлади. Дастлаб “инқилобни экспорт қилиш” ва Исроилга қарши кураш шиори илгари сурилди. Вақт ўтиши билан “Ҳизбуллоҳ” Исроилга нисбатан жиловловчи кучга, Эрон эса Шарқий Ўрта Ер денгизида таъсир доирасини кенгайтирувчи ўйинчига айланди. Шахмат тахтасида ўйинни пиёда сифатида бошланган фигура кейинчалик вазир даражасига чиқди. Фуқаролар урушидан кейин Ҳизбуллоҳ қуролни топширмай сиёсатга кирди ва “давлат ичидаги давлат” тусини олди. Танқидчилар буни Ливан суверенитетига таҳдид деса, тарафдорлар “қаршилик қалқони” сифатида талқин қилади.
Ироқда эса жараён янада мураккаб бўлди. 1980 йилларда Эрон–Ироқ уруши шароитида Бақир ал-Ҳаким бошчилигидаги шиа муҳожирлар Ироқ Ислом инқилоби олий кенгашини ва унинг ҳарбий қаноти – Бадр бригадасини тузди. Улар Хумайний илгари сурган “фақиҳ вилояти” ғоясини қабул қилиб, Теҳрон билан мафкуравий яқинлашди. 2003 йилги АҚШ босқинидан сўнг Эрон “икки устунли” стратегияни қўллади: бир томондан сиёсий интеграция, иккинчи томондан қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаш. 2014 йилда ИШИД таҳдиди ортидан тузилган Ҳашд аш-Шааби расмий тузилма бўлсада, эронпараст фракцияларнинг таъсири сезиларли бўлиб қолди. Натижада Ироқ сиёсати бамисоли кўринмас иплар билан тортилаётган қўғирчоқ театрига айланиб қолди. Сайловлар бор, аммо қарорлар парда ортида ҳал қилинарди, реал куч мувозанати мураккаб эди. Бироқ бу ерда ҳам бир жиҳатни унутмаслик керак — Ироқ ички сиёсий бўлинишлари ва АҚШнинг ўзи бошлаб берган мамлакатдаги беқарор режим ҳам ушбу жараённи шакллантирган омиллардандир.
Исроил қўшниси Сурияда ҳам Теҳроннинг прокси кучлари борлиги кўп бора сиёсий доираларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган. 2011 йилда Сурияда уруш бошлангач, Эрон аввал маслаҳатчилар юборди, кейин эса бевосита аралашди. “Ҳизбуллоҳ”, шунингдек афғон ва покистонлик жангчилардан тузилган “Фотимиён” бригадаси ва “Зайнабиён” бригадаси фронтга ташланди. 2015 йилдан Эрон мунтазам қўшин киритиб, операцияларни мувофиқлаштирди. Натижада Башар Асад ҳокимияти сақланиб қолди. Теҳрон эса Ливангача чўзилган таъминот йўлагини мустаҳкамлади ва Исроилга қарши янги фронт очди. Гарчи бунинг ортидан Эрон Исроил учун яна бир бош оғриқ ярата олган бўлсада, аммо бунинг нархи — иқтисодий босим, санкциялар бўлди.

Фаластин масаласида эса ҲАМАС ва “Фаластин Исломий жиҳоди” билан ҳамкорлик Эроннинг “олдинга сурилган мудофаа” концепциясига мос келади. Молиявий ва ҳарбий ёрдам ҲАМАСнинг салоҳиятини оширди, Ғазо эса Исроилга қарши қўшимча босим нуқтасига айланди. Шу билан бирга, Фаластин масаласи Эроннинг мусулмон дунёсидаги имижини кучайтирувчи юмшоқ куч воситаси ҳамдир.
Яманда Ансоруллоҳ билан алоқалар 2010 йилдан кейин чуқурлашди. 2015 йил Саудия бошчилигидаги уруш ортидан Эрон ёрдами ошгани айтилади. Баллистик ракеталар, дронлар ва технологик тажриба ҳусийларнинг салоҳиятини кескин кучайтирди. Бугун улар Қизил денгиз савдо йўлларига таҳдид сола олмоқда. Бу Эрон учун Арабистон яриморолида “узоқ қўл” вазифасини бажаради. Аммо яна савол туғилади: бу мустақил маҳаллий ҳаракатми ёки тўлиқ бошқариладиган проксими? Зайдийлик ва Эроннинг ўн икки имомчи шиалиги ўртасидаги фарқлар жараённи янада мураккаблаштиради.
Урушда Эроннинг прокси кучлари қанчгалик ёрдам бера оалди?
Яқин Шарқда кескинлик яна алангаланган бир пайтда Эрон яна ўзининг кўп йиллик стратегик таянчига – прокси кучларига таянишга уриниши мумкинми? Теҳрон ўн йиллаб давомида “тўғридан тўғри эмас, билвосита уруш” моделини шакллантирди. Йилига миллионлаб долларлар билан молиялаштирилган ушбу гуруҳлар бугун Эронга ҳар қачонгиданда кўпроқ керак. Теорияга кўра, Эроннинг минтақадаги жангари иттифоқчилари айни дамдаги кескинлик фонида бир нечта фронт очиб, Исроилни чалғитиши, ҳарбий ва сиёсий босимни ошириши мумкин. Назарияда бу – кучли механизм, аммо амалда эса вазият анча мураккаб.
Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Ғазодаги ҲАМАС ҳамда бошқа майда гуруҳлар Исроил учун турли йўналишлардан хавф туғдира олади. Агар улар тўлиқ қувват билан ҳаракатга келса, Тель-Авив бир вақтнинг ўзида шимол, жануб ва ҳатто Сурия ҳудуди орқали босим остида қолиши мумкин. Бу эса Исроилнинг тўғридан тўғри Эронга қилиши мумкин бўлган ҳужумлари эҳтимоли пасаяди.
Аммо бугунги вазиятда “назария” ва “реал сиёсат” орасидаги фарқ катта. Прокси кучлар идеализм билан эмас, молия билан ҳаракатга келади. Уларнинг логистика, қурол, маош ва инфратузилмаси миллиардлаб долларлик маблағ талаб қилади. Эрон эса сўнгги ойларда иқтисодий санкциялар, ички инфляция ва кетма-кет норозилик намойишлари босими остида. Мамлакат ичида ижтимоий кескинлик кучайган, аҳоли турмуш даражаси пасайган бир пайтда ҳукуматнинг четдаги жангари гуруҳларга миллионлаб доллар ажратиши сиёсий жиҳатдан ҳам хавфли, иқтисодий жиҳатдан ҳам оғир юк.

Сурияда ҳам Эрон аввалгидек эркин эмас. Мамлакатдаги сиёсий конфигурация ўзгарган, янги куч марказлари пайдо бўлган. Хусусан, Аҳмад аш Шара саҳнага чиққанидан сўнг Эрон проксиларининг таъсири сезиларли даражада қисқарди. Исроилнинг мунтазам ҳаво зарбалари, Россия ва бошқа минтақавий ўйинчиларнинг ўз манфаатларини илгари суриши Теҳроннинг ҳаракат майдонини торайтирди. Натижада, Суриядаги Эрон тармоқлари аввалги қудратидан анча узоқлашган.
Шундай бўлсада, прокси кучлар бутунлай самарасиз, дейиш ҳам нотўғри. Улар ҳали ҳам Исроил учун хавф омили бўлиб қолмоқда. Бироқ бу хавфнинг реал ҳарбий таъсирга айланиши учун молиявий ва сиёсий ирода зарур. Ҳозир эса Эроннинг қўли боғлиқ. Бир томонда – иқтисодий танглик, иккинчи томонда – АҚШ ва Исроилдан келаётган ракеталар.
28 февраль воқеалари фонида Ямандаги ҳусийлар Теҳронни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қизил денгиздаги юк ташиш йўлларига ҳамда Исроил ҳудудига ракета ва дрон ҳужумларини қайта бошлашга ваъда бермоқда. Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати эса аллақачон Исроилнинг Ҳайфа шаҳри атрофига кенг кўламли зарбалар йўллади ва қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Аммо бундай “мушакбозликлар” қачонгача давом этаркан, ҳали номаълум.
Хулоса шуки, Теҳрон йиллар давомида миллиардлаб доллар сарфлаб яратган прокси тизими бугун асосий таянч бўлиши қийин. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, агар Эрон ўзи бевосита жавоб зарбаларини амалга оширмаса, ички аудитория ҳукуматни заиф деб қабул қилиши мумкин. Агар ичкаридаги аланга ҳам кучайиб кетса, Эрон режими кутилганиданда тезроқ қулайди.