Фармацевтика корхоналари ер, фойда ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади
Жамият
−
16:23 1002 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йил 1 апрелдан бошлаб фармацевтика корхоналари ер, тадбиркорлар фойда ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади. Бу ҳақда бугун, 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тадбиркорлар барча ҳудудларда ҳам фармзоналар йўқлиги сабабли, уларга берилган солиқ имтиёзини бошқа корхоналарга ҳам қўллашни сўраган. Президент буни қўллаб-қувватлаган ва фармацевтика корхоналари учун янги имкониятларни эълон қилган.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб қаерда жойлашганидан қатъи назар, янги фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш, доривор ўсимлик етиштириш ва қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳалар бошланганидан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Тадбиркорлар лойиҳа ишга тушгандан бошлаб уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиқларини тўламайди.
Шу билан бирга, биологик фаол қўшимча ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчилари ҳам хомашё, ускуна, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар импорти божидан озод қилинади, фармацевтика корхоналарига ўз линиясида биологик фаол қўшимча ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
Бундан буён ҳар йили 1 июлгача маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тадбиркорларга эълон қилиб борилади.
Рўйхатдаги дориларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларга хорижий валютада 7 фоизли кредитлар берилади.
Шунингдек, мавжуд маҳсулотлари бўйича маҳаллийлаштиришни чуқурлаштирмоқчи бўлган тадбиркорларга Саноат кооперацияси жамғармасидан 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоизли кредит ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмлар бозори 2,5 миллиард долларга яқинлашгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси