Франция сув остида: 35 кунлик ёмғир авжига чиқмоқда
Олам
−
19 Февраль 1146 2 дақиқа
Франция жануби-ғарбида сув тошқини хавфи энг юқори – “қизил” даражада қолмоқда. “Педро” бўрони аллақачон сувга тўйган ерга яна кучли ёмғир олиб келди. Мамлакатда 35 кун давомида узлуксиз ёмғир ёғмоқда. Бу 1959 йилдан бери кузатилмаган рекорд ҳисобланади. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Қайд этилишича, Метео-Франсе Жиронд, Ло-э-Гарон, Мен-э-Луар ва Шарант-Маритим департаментларида энг юқори огоҳлантиришни сақлаб қолган. Атлантика бўйлаб яна 20 га яқин ҳудудда шамол ва сув тошқини хавфи бор.
Сўнгги ҳафталарда 1 700 га яқин киши эвакуация қилинган. Экология вазири Монник Барбу маълум қилишича, ёмон об-ҳаво билан боғлиқ камида уч нафар инсон ҳалок бўлган. Тупроқ намлиги эса кузатувлар бошланганидан бери энг юқори даражага етган, ер янги ёмғирни сингдира олмаяпти.
Бордо шаҳрида Гаронна дарёси сатҳи пасаймаяпти. Мэр Пьер Юмрик фавқулодда режани ишга туширган: дарё бўйидаги бозорлар тўхтатилан, айрим мактаблар ёпилган, бошпанасизлар учун паноҳгоҳлар очилган. Мен дарёси 2000 йилги рекорддан ошиб кетиши мумкин. Айрим йўллар атайлаб сув остида қолдирилиб, босим бошқа ҳудудларга тушмаслиги таъминланмоқда.
Сент шаҳарчасида 2 000 дан ортиқ уй сув остида қолган, ярми жиддий зарар кўрган. Ғарбий ҳудудларда темирйўл қатнови издан чиққан, минглаб хонадонлар электр ва ичимлик сувисиз қолган.
Синоптиклар соҳил бўйида шамол тезлиги 140 км/соатгача етиши, айрим жойларда 50 миллиметргача ёмғир ёғишини прогноз қилмоқда. Франция жануби-ғарби учун синовли кунлар ҳали тугагани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда сув тошқинларини мониторинг қилувчи “Vigicrues” хизмати 81 департамент ва 154 дарёда бир вақтнинг ўзида хавф қайд этилганини билдирган эди. Бу 1959 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль
Трамп Орбанга ўзининг паноҳидалигини айтди
19 Февраль