Габон терма жамоасининг собиқ футболчиси ўлик ҳолда топилди
Спорт
−
09 Июнь 1442 1 дақиқа
Габон миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Иронду Муссаву-Кинг 34 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Габон футбол федерацияси (FGF) маълум қилди.
Футболчининг ўлими сабаблари ҳозирча очиқланмаган. ESPN хабарига кўра, Муссаву-Кингнинг жасади Габон пойтахти Либревил шаҳридаги уйи яқинидан топилган.
“Габон футболи учун бундай рамзий шахснинг ҳолатига аниқлик киритилиши лозим бўлган шароитда ҳаётдан кўз юмиши – миллий футбол оиласида катта бўшлиқ қолдиради”, дейилади федерация баёнотида.
Муссаву-Кинг фаолияти давомида Франциянинг “Кан”, “Пон-дю-Гар”, “Тулуза”, “Булонь” ва “Ле-Ман”, Испаниянинг “Гранада”, Италиянинг “Удинезе” ҳамда Швейцариянинг “Сент-Галлен” клублари шарафини ҳимоя қилган.
У 2022 йилда профессионал фаолиятини якунлаган. Муссаву-Кинг Габон миллий терма жамоаси сафида 14 та учрашувда майдонга тушган ҳамда 2015 йилги Африка Миллатлар Кубогида иштирок этган.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилнинг март ойида Габон билан учрашув ўтказиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Live
Барчаси