“Ғарб Россияни Марказий Осиёдан сиқиб чиқармоқчи” - Россия ТИВ

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Ғарб давлатлари Россияни Марказий Осиёдан сиқиб чиқаришга уринаётганини даъво қилди. Бу ҳақда у “Известия” нашрига берган интервьюсида айтган.

Галузиннинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи минтақанинг асосий транспорт йўлаклари ҳамда табиий ресурслари устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. У айниқса Вашингтоннинг ноёб ер металлари ва муҳим минераллар бўйича битимларни фаол кенгайтираётганидан Москва хавотирда эканини билдирган. Унинг фикрича, бу Россиянинг минтақадаги иқтисодий ва сиёсий таъсирини заифлаштириши мумкин.

“Бу оддий иқтисодий рақобат эмас, балки Россияни сиқиб чиқариш ва чегараларимиз яқинида Ғарб назоратидаги инфратузилмани яратишга уринишдир”, деган у.

Унинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари Марказий Осиё мамлакатларига иқтисодиётни турли йўналишларда ривожлантириш ва “ташқи таҳдидлардан ҳимоя” қилишга қаратилган ташаббусларни таклиф қилмоқда.

Бироқ Москва буни Россия билан тарихий алоқаларни заифлаштиришга қаратилган сиёсат сифатида баҳоламоқда.“Шуни таъкидламоқчиманки, на Россия, на Марказий Осиёдаги тарихий дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиз бундай сценарийлардан манфаатдор. Минтақа давлатлари ўзга кучларнинг геосиёсий ўйинида пиёда бўлишни истамайди. Биз умумий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда Евросиёда интеграцион ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлашда давом этамиз”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Россия Марказий Осиё сиқиб чиқариш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг