Германия АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетишига муносабат билдирди
Олам
−
03 Май 10109 2 дақиқа
Германия Мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ Президенти Дональд Трампнинг мамлакатдан 5 мингга яқин америкалик ҳарбийни олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Писториус АҚШ Президентининг ушбу қарорини кутилган ҳолат деб атаган.
“АҚШ ўз қўшинларини Европадан, жумладан, Германиядан олиб чиқиб кетиши кутилган эди. Ҳозирда гап Германияда бўлиб турган қарийб 40 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчидан 5 мингтаси ҳақида бормоқда”, дейди у.
Шунга қарамай, Германия АҚШ қўшинларининг Европада бўлиши ҳар икки томон манфаатларига мос келади деб ҳисоблайди.
“Биз Рамштейн, Графенвёр, Франкфурт ва бошқа жойларда европалик иттифоқчилар билан биргаликда Европадаги тинчлик ва хавфсизлик, Украина учун ҳамда биргаликда тийиб туриш мақсадида америкаликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бироқ АҚШ бу ерда Африка ва Яқин Шарқдаги хавфсизлик манфаатларини таъминлаш каби бошқа ҳарбий функцияларни ҳам бирлаштирган”, дейди Писториус.
Нашрнинг ёзишича, юз берган воқеа НАТО “европачароқ” ташкилотга айланиши кераклигини исботламоқда. Борис Писториуснинг фикрича, Шимолий Атлантика альянсига аъзо Европа давлатлари юзага келган шароитда ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим.
“Армиямиз кенгаймоқда, биз инновацияларга таяниб, кўпроқ ускуналарни тезроқ сотиб олмоқдамиз ва кўпроқ инфратузилма барпо этмоқдамиз”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Дональд Трамп ва Германия канцлери Фридрих Мерц ўртасида Эрон билан уруш туфайли юзага келган келишмовчилик фонида Германиядан 5000 нафар ҳарбийни олиб чиқиб кетишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Бундан олдин Трамп Мерцни АҚШ ишларига “камроқ аралашишга” ва ўз мамлакати билан шуғулланишга чақирган эди.
Live
Барчаси