Humans иловасига уланган карталардан оммавий пул ечиб олинди
3-саҳифа
−
09 Декабрь 5027 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Humans companies” АЖ ва “Octagram” АЖ ташкилотлари ўртасида жорий йилнинг 10 апрелида 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, Humans агент сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўлов ва P2P пул ўтказмалари) етказиб беришни бошлаган.
Кеча, 8 декабрь куни соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар тушган. Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида “ Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
9 декабрь ҳолатига кўра, Humans мобил иловаси орқали “Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
“Ҳурматли фуқаролар, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишламоқда. Карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Фуқаролар юқоридаги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият юритувчи Humans компаниясининг Сингапурдаги таъсисчиси – Humans Mobile Ltd Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” хатти-ҳаракатлари ортидан халқаро арбитражга шикоят киритганди. Кейинроқ эса Humans виртуал оператори “Ўзбектелеком” АК мобил тармоғидан фойдаланиб, даромад топса-да, унинг харажатларини тўлашни ортга суриб келаётгани маълум бўлди.
Live
Барчаси