Иқлим яна жонлана бошладими?
Бу қизиқ
−
13 Февраль 1304 2 дақиқа
Иқлим ўзгариши, рекорд даражадаги иссиқлик ва айрим давлатларнинг экологик чекловларни юмшатиши фонида хавотир кучаймоқда. Бироқ 2026 йилнинг илк ойлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида қатор ижобий ўзгаришларни ҳам намоён этган – қайта тикланувчи энергия, инновацион технологиялар ва табиатни асраш бўйича муҳим қадамлар қўйилган. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Жорий йилнинг февраль ойида Португалия электр энергиясининг 80,7 фоизини қайта тикланувчи манбалар ҳисобига ишлаб чиқарган – бу сўнгги тўққиз ойдаги энг юқори кўрсаткич. Норвегия 96,3 фоиз билан етакчилик қилган. Январда эса Бельгия, Дания, Франция, Германия ва бошқа давлатлар 2050 йилгача Шимолий денгизда 100 гигаватт қувватга эга қўшма офшор шамол лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Гамбург декларациясини имзолаган. 2025 йилда шамол ва қуёш энергетикаси биринчи бор ЕИда ёқилғи манбаларидан кўпроқ электр ишлаб чиқарган.
Инновациялар ҳам умид бағишламоқда. Финляндия саноат иссиқлик чиқиндиларини камайтириш учун “иссиқ қум” технологиясини синовдан ўтказмоқда. Тадқиқотлар айрим шароитларда ҳаво фрайерлари хона ичи ҳавосини камроқ ифлослантиришини кўрсатган. Франция узумзорларда қўлланиладиган заҳарли фунгицидларни тақиқлаган ва “абадий кимёвий моддалар”га қарши қонун кучга кирган.
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муҳим ютуқлар қайд этилган. Очиқ денгизлар бўйича халқаро шартнома кучга кириб, миллий чегаралардан ташқари сувларда биохилма-хилликни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос яратган. Олимлар маржон рифларини тиклаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш мумкинлигини билдирган. Шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остидаги Шимолий Атлантика китлари сони секин-аста ортиб бормоқда. Бу мисоллар муаммоларга қарамай, иқлим учун курашда ижобий бурилишлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Португалия Ички ишлар вазири Мария Лусия Амарал лавозимидан истеъфога чиққани, бунга мамлакатни қамраб олган довулдан кейин юзага келган инқирозли вазият туфайли жиддий танқидларга учрагани сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Португалия қонунчилигига кўра, табиий офатларни маҳаллийлаштириш ва уларнинг олдини олиш Ички ишлар вазирлигининг масъулиятига киради.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль