Икки давлат Эронга қарши урушга қўшилиши мумкин – ОАВ

Олам

image

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШнинг Эронга бераётган зарбаларига қўшилиш қарорига яқин турибди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.

“Мамлакатнинг урушга кириши фақат вақт масаласидир”, дейди нашр манбаларидан бири.

Қайд этилишича, уруш бошланишидан олдин Саудия расмийлари Эронни бомбардимон қилиш учун ўз объектлари ёки ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат беришдан бош тортган. Теҳрон Саудия Арабистонининг муҳим энергетика объектлари ва мамлакат пойтахти Ар-Риёдга ракета ва дронлар билан зарба бера бошлагач, урушдан четда қолишга уриниш муваффақиятсизликка учраган.

WSJ манбаларининг сўзларига кўра, шундан сўнг Саудия Арабистони АҚШ қўшинларига Арабистон ярим оролининг ғарбидаги Подшоҳ Фахд номидаги авиабазадан фойдаланишга рухсат берган. Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд ҳам қиролликнинг сабр-тоқати “чексиз эмаслиги” ҳақида огоҳлантирган.

“Форс кўрфази давлатлари Эронга жавоб қайтаришга қодир эмас деган ҳар қандай ишонч хатодир”, дея қўшимча қилган у.

Шу билан бирга, БАА иқтисодий чоралар орқали Эронга босимни кучайтирмоқда.

Дубайда Теҳрон билан боғлиқ муассасалар ёпилган, ҳукумат эса Эроннинг миллиардлаб долларлик активларини музлатиш имкониятини кўриб чиқмоқда, бу Эроннинг валюта ва халқаро савдога чиқишини чеклаши мумкин. Шу билан бирга, Амирликларда Эронга қарши туриш учун ўз қўшинларини юбориш масаласи муҳокама қилинмоқда ва улар АҚШни Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий равишда йўқ қилинмагунча сулҳ тузмасликка ундамоқда.

Нашрнинг ёзишича, БАА ва Саудия Арабистонининг ҳаракатлари араб монархиялари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясига тобора чуқурроқ жалб қилинаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Форс кўрфази давлатлари қўшин юбориш уларни Эроннинг очиқ душманига айлантиришидан ва уруш тугаб, АҚШ минтақани тарк этгач, Теҳрон билан янада мураккаблашган муносабатлар қаршисида “ёлғиз қолишдан” хавфсирамоқда.

21 март куни Саудия Арабистони Эроннинг ҳарбий атташеси, унинг ёрдамчиси ва дипломатик миссиянинг уч нафар ходимини “персона нон грата” деб эълон қилган. Уларга бир сутка ичида мамлакатни тарк этиш буюрилган. Қироллик ТИВ бу қарорни Теҳрон томонидан ҳужумлар давом этаётгани билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан телефон мулоқоти чоғида мамлакат Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий Вашингтон билан музокараларни маъқуллаганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони уруш Муҳаммад бин Салмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг