Илк бор ўзбекистонликларнинг иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда, иш берувчи ва меҳнат органларини хабардор қилиш тартиб-таомиллари ва бошқа ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар белгиланмоқда. Кеча, 7 апрель куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида шу ҳақдаги “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланди.

Қайд этилишича, муҳокама қилинган қонун миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Сенат томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида қонунчилик палатасига киритилган.

Қонун Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Меҳнат кодексларига ҳамда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Иш ташлаш бу – ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришдан тийилиш эканлиги мустаҳкамланмоқда. 

Шунингдек, иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда, иш берувчи ва меҳнат органларини хабардор қилиш тартиб-таомиллари белгиланмоқда. 

Шунингдек:

  • иш ташлашга раҳбарлик қилиш касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили томонидан амалга оширилиши, унинг ушбу жараёндаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилмоқда;
  • эълон қилинган иш ташлашнинг бошлаш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш, шунингдек, иш ташлашни ноқонуний деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда;
  • иш ташлашга оид чекловлар доираси очиб берилмоқда, шу жумладан миллий инқироз, фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида иш ташлаш тақиқланиши, иш ташлаш ўтказилиши мумкин бўлмаган ташкилотлар ва иш ташлашда иштирок этиши чекланган ходимлар доираси кўрсатилмоқда;
  • фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ва шахсий хавфсизлиги учун фаолияти ҳаётий муҳим бўлмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ташкилотларда иш ташлаш ўтказилаётганда минимал зарур ишлар (хизматлар) жорий этилиши белгиланмоқда.

Қайд этилишича, сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришга, иш ташлаш жараёнини қонуний асосда тартибга солган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартибни таъминлашга, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилувчи давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлашга, халқаро ташкилотлар доирасидаги нуфузини оширишга хизмат қилишини, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун кенг йўл очиб беришини таъкидлаган.

Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

иш ташлаш меҳнат иш ташлаш ҳуқуқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг