Инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган ходимлар жазоланди
3-саҳифа
−
01 Декабрь 3231 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи давомида инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 33 нафар масъул ходим интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг 9 ойи давомида Омбудсманга Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 15 385 та мурожаат келиб тушган. Шундан 2 097 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилганлар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан юборилган.
Мурожаатларнинг 37 таси белгиланган тартибда аноним, деб топилган.
Жами мурожаатларнинг 27,3 фоизи иқтисодий, 24 фоизи ижтимоий, 16,4 фоизи шахсий, 11,8 фоизи мурожаат этиш, 3,7 фоизи оила ҳуқуқларига, 1 фоизи экологик ҳуқуқларга, 11,9 фоизи ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга ва 3,9 фоизи бошқа масалаларга оид.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида аҳоли сонидан келиб чиқиб таҳлил қилинганда энг кўп масалалар Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келиши аниқланган.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 133 та даъво аризаси, тақдимнома, талабнома, огоҳлантириш ва хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 33 нафар масъул ходим ҳайфсан, жарима, лавозимидан озод этиш каби интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан Омбудсманга 2025 йилнинг 9 ойида 2097 та мурожаат келиб тушган. Шикоятларнинг 37 таси юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган, шунингдек, ички ишлар идораларининг 5 нафар ходими интизомий жазоланган ва 1 нафари бўшатилган.
Мурожаатларнинг 12 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг мурожаат хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган.
2025 йилнинг 9 ойида Омбудсман томонидан мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан идора ва вазирликларга 15 та тақдимнома, 1 та хулоса ва 13 та талабнома шаклидаги таъсир чоралари киритилган. Ушбу таъсир чоралари натижаларига кўра, 5 нафар соғлиқни сақлаш ва 12 нафар ички ишлар ходимларига интизомий жазолар қўлланилган.
Live
Барчаси