Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи истеъфога чиқарилди
Спорт
−
10:36 7374 1 дақиқа
Кеча, 6 февраль куни Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибоев ўз лавозимидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда мамлакат футзал федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитаси миллий терма жамоа мураббийлар штабига ўтган давр мобайнидаги фаолияти учун миннатдорлик билдириб, келгусидаги фаолиятида уларга омад тилайди”, дейилади расмий хабарда.
Нодир Элибоев билан бирга Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби тўлиқ таркиби билан истеъфога чиқарилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий футзал терма жамоасининг янги мураббийлар штаби яқин кунларда кенг жамоатчиликка эълон қилиниши айтилди.
Манбага кўра, йиғилишда Ўзбекистон миллий футзал терма жамоасининг Осиё кубоги–2026 мусобақасидаги иштироки танқидий руҳда муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, Индонезияда бўлиб ўтган мусобақа давомида жамоа аъзолари ўз имкониятлари даражасидан паст иштирок этгани, футзалчиларда курашга чанқоқлик ва ғалабага бўлган иштиёқ каби муҳим жиҳатлар етарлича намоён бўлмагани танқид қилинди. Натижада терма жамоа гуруҳ босқичидан қийинчилик билан плей-оффга чиққан бўлса-да, чорак финалда олдига қўйилган вазифани бажара олмади.
Live
Барчаси