Қатар Жаҳон Чемпионатини сотиб олган?! Давлатлар нега спортни “севишади?” “Sportwashing” технологияси нима?

Таҳлил

image

Спорт сиз учун нима? Ким учундир у соғлом турмуш тарзининг ажралмас бир бўлаги, яна ким учундир севимли машғулот – ҳобби бўлиши мумкин, баъзилар учун эса у профессионал машғулот – даромад келтирадиган иш. Чемпионлик эса спортчи учун нафақат шон-шуҳрат, балки катта бойлик, умумжаҳон саҳнасида танилиш ва таъсир кучидир.

Бир пайтнинг ўзида спорт миллиардлаб пул айланадиган саноат ҳамдир ва бундай улкан фойда атрофида қудратли ўйинчилар ҳам етарли. Баъзи “уддабурон” амалдорлар қўлида у давлат ғазнасидан мўмайгина фойда қилиш учун восита ёки пул ювишнинг самарали усулига айланиб қолган. Аммо замонавий сиёсатшуносликда шундай бир атама борки, у спорт аслида қандайин катта қурол эканлигини тасвирлаб беради. Қатар ёки Саудия Арабистони каби нефть захиралари ортидан триллионлаб фойда оладиган, Россия ва Хитой каби иқтисоди гуллаб яшнаётган, лекин демократия тамойиллари доим ҳам ишлайвермайдиган давлатларнинг сиёсатида спортнинг аҳамияти сўнги йилларда умуман бошқа даражада. “Sportwashing” уларнинг халқаро сиёсатида худдики “хавфсизлик ёстиқчаси” каби аҳамиятли бўлиб улгурди.

“Sportwashing” нима?

“Sportwashing” – бу ҳукуматлар, корпорациялар ёки шахсларнинг қилган қилмишларини халқаро майдонда яшириш ёки ўзини оқлаш мақсадида эътиборни йирик спорт тадбирлари билан чалғитиш усули. Атама маъносини сақлаб қолган ҳолда, уни ўзбек тилига “спорт орқали оқланиш”, деб таржима қилиш мумкин. Атаманинг шаклланиши ва оммалашиши авторитар давлатларнинг спорт орқали инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро танқидлардан қочишга уриниши билан боғлиқ. Ахборот асрига келиб қурол кучининг имкониятлари пасайиб, “soft power” – юмшоқ кучнинг аҳамияти ошиб борди. “Sportwashing” ҳам шундай юмшоқ куч воситалари қаторига киради ва кўплаб нодемократик давлатлар томонидан сиёсий коммуникация стратегияси сифатида қўлланилиб, давлатлар имижини “тозалаш”, жамоатчиликнинг эътиборини муаммолардан чалғитиш ва глобал мулоқотда обрўни тиклаш учун ишлатилади.

“Long Reads” портали маълумотларида ушбу атама биринчи марта 2015 йилги Озарбайжон пойтахти Бакуда бўлиб ўтган “Биринчи Европа ўйинлари”дан сўнг кенг миқёсда қўлланила бошлангани айтилади, аммо тарихда 1936 йилги Олимпиада Берлинда ўтказилиши ҳам аслида халқаро жамиятни Адольф Гитлернинг ирқчи режими жиноятларидан чалғитиш мақсадида уюштирилгани, 1934 йилги Футбол бўйича Жаҳон чемпионатини Италияда бўлиб ўтгани эса Бенито Муссолинининг қилмишларини яшириш мақсадида ташкиллаштирилгани спорт орқали оқланиш технологияси аллақачон шаклланганига яққол далилдир, бироқ бу атамани чинакам оммалашиши Қатардаги 2022 йилги Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати (ЖЧ) билан бирга юз берди.

Нега Қатар Жаҳон чемпионатини сотиб олган?

2010 йил 2 декабрь FIFA ижроия қўмитаси 2022 йилги Футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган давлат сифатида Яқин Шарқдаги унчалик катта бўлмаган Қатар танланганини эълон қилди. Ёзда ҳарорат 40 градусгача иссиқ бўладиган, стадионлари ниҳоятда кам ва борлари ҳам талабга жавоб бермайдиган бу давлатда дунёнинг энг нуфузли мусобақасини ўтказиш ўша вақтда барча учун тасаввур қилиб бўлмас ҳолат эди. Ҳатто иссиқ иқлим муаммосини ҳал қилиш учун FIFA ЖЧ илк бор ёзда эмас, қиш фаслида ўтказилишини эълон қилди. Бу эса бутун йиллик футбол тақвимини ўзгартириб юборди. Бу пайтгача Қатар терма жамоаси бирор марта Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритолмаган эди. Шундай қилиб Қатар олдинги Жаҳон чемпионатларига ҳеч қачон қатнашмаган ягона замонавий мезбон давлат сифатида белгиланди.

12 йиллик ўртадаги вақт давомида Қатар бутунбошли давлатни қайта қурди, десак муболаға бўлмайди. Таҳминан 200-300 миллиард доллар, деб баҳоланган бу реконструкция нафақат футбол учун стадионлар, балки улкан инфратузилмавий ўзгаришларни ўз ичига олар эди. 2010 йилгача атиги битта халқаро стандартларга жавоб берадиган стадион бор эди холос, аммо 2022 йилга келиб саккизта замонавий талабларга жавоб берувчи, улкан, ҳашаматли футбол майдонлари қуриб битказилди. Мамлакат пойтахти Доҳада метрополитен ишга туширилди, шаҳар инфратузилмаси буткул ўзгартирилиб, янги электрон автобус ва трамвайлар ишга туширилди. Аэропортдан тортиб туристик маскангача – ҳаммаси янгидан қурилди. Бир сўз билан айтганда, янги Доҳа эскисидан тубдан фарқ қилар эди, шаҳар таниб бўлмас даражада янги қиёфа касб этди.

Миллиардлаб доллар пуллар ўзини оқлади, 2022 йилги Жаҳон чемпионати ҳеч ким кутмаган даражада ажойиб ўтди. Атиги 50 км радиусда қурилган 8 стадион мухлисларда кетма-кетма белгиланган ўйинларга бемалол улгуриши учун қулайлик яратди, янги транспорт тармоғи эса туристлар томонидан кенг эътирофга сазовор бўлди, аммо бундай жимжимадор муваффақиятлар ортида миллионлаб ҳуқуқлари поймол бўлган инсонлар ва қурилишлар давомида ҳалок бўлган мигрант ишчиларнинг меҳнати ётар эди. Асосан, Ҳиндистон, Непал, Покистон ва Бангладешдан келган мигрант ишчилар мамлакатда жорий қилинган “Кафала” тизими сабаб оғир меҳнат шароитида арзимас ҳақ эвазига ишлашга мажбур бўлди. Тизимга кўра, уларнинг ҳужжатлари олиниб, қайтариб берилмас, бу эса уларни иш берувчи рухсатисиз иш жойидан ёки давлатдан чиқиб кетишини чеклар эди. Аммо дабдабали ўтган чемпионат давомида ҳеч ким бунга эътибор бермади.

Манчестер метрополитан университети профессори Жонатан Грих Қатардаги бу мусобақа давлатнинг яққол “sportwashing” стратегиясидан фойдаланганини кўрсатишини айтади.

“Қатар спорт орқали дунёни ўзгартиришга уринмади, у фақат дунёнинг Қатар ҳақидаги тасаввурини ўзгартирмоқчи бўлди”, деб ёзади Грих.

У ва кўплаб мутахассисларнинг фикрича, Қатардаги Жаҳон Чемпионати ҳаққоний овоз бериш натижасида ташкил қилинмаган, балки FIFA раҳбариятига берилган катта миқдордаги пора ортидан сотиб олинган холос. Ушбу мусобақагача доим Саудия Арабистони соясида қолиб кетадиган давлат энди жаҳон саҳнасида ўзининг бой иқтисодиётга эга ва ривожланиб бораётган давлат сифатида ўрнини мустаҳкамлади. Олдинлари аёллар ҳуқуқи заррача аҳамиятга эга бўлмаган, инсон ҳуқуқлари доим ҳам ишлайвермайдиган, муаммоли, қолоқ давлат сифатида кўрилган Қатар, Жаҳон чемпионатидан сўнг спортсевар давлат сифатида дунёга танила бошланди. Энди унинг “қора томонлари” сояда қолиб, фақат ижобий жиҳатлари мадҳ этила бошланди.

Танганинг иккинчи томони

Спортдан ўз мақсадларида фойдаланиш нафақат сиёсатчиларга, балки FIFA ёки Халқаро Олимпиада Қўмиталари каби спорт соҳасидаги ташкилотларга ҳам қўл келади. Негаки, агар ушбу ташкилотлар коррупцияга мойил бўлмаса, давлатлар ҳар қанча уринса ҳам уларни сотиб ололмасди. Аммо пулнинг қудрати унинг қанча эканлиги билан ўлчанади, давлатлар эса ўз имижини яхшилаш учун пулни аямайди.

2010 йилда Швейцарияда ўтказилган FIFA кенгашидан сўнг ЖЧ ўтказиш ҳуқуқини 2018 йил Россияга, 2022 йил Қатарга сотилгани ҳақида гумонлар урчий бошлади. Ижтимоий тармоқларда FIFA коррупцион схемаси ҳақида видеолар тарқалди, кўплаб кенг аудитория эга блогерлар ташкилот раҳбариятини жиддий танқид остига олди. Ниҳоят, 2015 йилда АҚШ Адлия суди FIFA’нинг 24 йиллик фаолиятини кўриб чиққан ҳолда, фош этилган 47 та айбловни эълон қилди. Улар орасида “racketeering” – ташкилот орқали фойда кўриш, “wire fraund” – коммуникация воситалари орқали фирибгарлик қилиш ва турнир ўтказиш ҳуқуқларини сотиш кабилар ҳам ўрин олган эди. Айбловлар ортидан ташкилотнинг бир қанча юқори мансабдор шахслари лавозимларидан озод этилди ва ҳибсга олинди.

Хулоса қилиб айтганда, спорт энди шунчаки кўнгилочар машғулот эмас, у аллақачон сиёсат ва пул қилиш механизмига айланиб бўлган. Баъзи сиёсатчилар қўлида у қилмишларни беркитувчи парда, обрўни кўтарувчи лифт, жиноятлардан қочиш учун тирқиш вазифасини ўтамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

korrupsiya FIFA futbol qatar Sportwashing sport orqli oqlanish

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг