Қорақалпоғистонда кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси қурилади
Жамият
−
20 Февраль 1707 4 дақиқа
Бугун, 20 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Вашингтон шаҳрига амалий ташрифдан сўнг Тошкентга қайтиб келгач, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўзининг улкан майдони ва қазилма бойликлар захираси билан катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга бўлган Қорақалпоғистонда 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 30 миллион куб метр қурилиш қумлари, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 миллион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захиралари аниқланган.
Шу билан бирга, шаҳар ва туманлар, овуллар ўртасидаги масофа узоқлиги ҳар бир ҳудуднинг солиштирма устунлигидан унумли фойдаланиб, аниқ ҳисоб-китоб билан ишлашни тақозо этади. Умуман, қаерда соғлом муҳит, қулай шароит, адолатли ва шаффоф тизим бўлса, тадбиркор ўша жойда ишлашни хоҳлайди, инвестор ҳам ана шундай ҳудудга маблағ тикади.
Тақдимотда сўнгги йилларда Қорақалпоғистон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилган. Жумладан, 8 йил олдин ҳудуд иқтисодиёти жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда бўлган бўлса, бугун 7-ўринга кўтарилган. Саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етган. Умумий экспорт 2016 йилга нисбатан 3,5 карра ошиб, 2,1 миллиард доллар бўлган.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 триллион сўмга (2025 йилда 54,3 триллион сўм бўлган), жон бошига эса 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш муҳимлиги таъкидланган (2025 йилда 435 миллион доллар бўлган).
Жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Қўшимча равишда “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағалликни 2 баробар қисқартириш вазифаси қўйилган.
Тақдимотда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилди. Президент ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.
Қорақалпоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш (2025 йилда 3,5 миллиард доллар бўлган) мақсад қилингани қайд этилган.
Ҳудуд учун ишлаб чиқилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилган.
Сунъий интеллект соҳаси учун Тахиатош туманида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини ташкил этиш, Нукус шаҳрида автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер барпо этиш, базальт толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чиқиндиларни куйдириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, Қораўзак туманида кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси, Тахтакўпир туманида пахта тозалаш ва йигириш фабрикаси, Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги бўйича Қорақалпоғистонда мавжуд ер ресурсидан фойдаланиш даражаси ҳудуд имкониятларига мос эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Мавжуд майдонларнинг атиги 2,5 фоизига экин экилаётгани, қолган 16 миллион гектар деярли ишлатилмаётгани қайд этилди. Иқлимга мос янги экин турларини топиб, уларни етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибаларни йўлга қўйиш, сувсизлик ва шўрга чидамли, шу жумладан, фармацевтика саноати учун доривор гиёҳларни катта майдонларда етиштириб, экспортни кўпайтириш вазифалари белгиланган.
Яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича Вазирлар Кенгаши раисининг алоҳида ўринбосари бўлиши белгиланган. Жорий йилда 10 минг гектар яйловни тиклаш, ўсимликларни сунъий интеллект асосида мониторинг қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш вазифалари қўйилган.
Жорий йилда Қўнғирот, Чимбой, Беруний, Бўзатов ва Қонликўлда чорва озуқасини етиштириш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари, Беруний туманида йилига 36 минг тонна чорва ва балиқ озуқаси ишлаб чиқарадиган замонавий агромажмуа ишга туширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири тайинланган эди.
Live
Барчаси