Қозоғистонда 2 кунда 550 дан ортиқ бош чорва нобуд бўлди
Олам
−
23 Апрель 7704 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Қорақўян тумани фермерлари чорва молларининг оммавий нобуд бўлаётганини маълум қилди. Маҳаллий аҳолининг фикрича, бунга кучли жала қуйиши оқибатида ерларнинг ботқоқлик ва лойга айлангани сабаб бўлган. Бу ҳақда “Lada.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 апрель куни 237 бош чорва, шу жумладан 100 дан ортиқ от, шунингдек, юздан ортиқ қўй ва эчки ҳалок бўлган. 21 апрель куни эса 316 бош чорва нобуд бўлган, уларнинг асосий қисми отлар, қолгани қўй ва эчкилар. Умуман олганда, икки кун ичида туманда 550 дан ортиқ чорва нобуд бўлган, уларнинг қарийб ярми отлар.

“Ҳозирги вақтда Қорақўян тумани бўйича маҳаллий ижро этувчи органлар ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда, ерларнинг ювилиши ва ботқоқланиши муносабати билан махсус техникаларни жалб қилиш ишларини олиб бормоқда. Айни пайтда чорва моллари сонини ҳисобга олиш, шунингдек, тегишли далолатномаларни расмийлаштириш ишлари кетмоқда”, дея баёнот берган маҳаллий ҳокимлик.

Билдирилишича, далолатномалар тузилиб, ҳайвонлар чиплари орқали идентификация қилингандан сўнг, ветеринария хизмати билан биргаликда нобуд бўлган молларни утилизация қилиш ишлари бошланади. Зарарни қоплаш масаласи амалдаги қонунчилик доирасида кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Манғистовдаги кучли ёғингарчиликлар отларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси