Қозоғистонда 54 йиллик ҳарорат рекорди янгиланди
Олам
−
15:33 6105 3 дақиқа
Бу йил Қозоғистонда ноябрь ойида об-ҳаво ғайриоддий даражада илиқ бўлди, ойнинг иккинчи ярмида ҳатто ҳарорат рекордлари қайд этилди. Бу ҳақда хабар беради “Қазгидромет”га таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Синоптикларнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг 14 ноябрь куни Ақтобе метеорология станциясида (Ақтобе вилояти) ҳаво ҳарорати +13,2 даражага етиб, 2023 йилда қайд этилган аввалги рекордни (+10,6 даража) ортда қолдирган. 15 ноябрь куни эса шу ерда навбатдаги рекорд янгиланган – +11,4 даража бўлиб, бу 2001 йилги кўрсаткичдан (+10,0 даража) юқори бўлган.
Мамлакатнинг шимолий ва марказий ҳудудларида ҳам ғайриоддий илиқ об-ҳаво кузатилган. Жумладан, 19 ноябрь куни Кокшетау метеорология станциясида (Ақмола вилояти) +8,3 даража қайд этилган, бу 1977 йилги рекорддан (+8,0 даража) юқори. 23 ноябрда ҳаво +5,2 даражагача исиб, 1995 йилги рекорд (+4,4 даража) янгиланган.
Уч кун кетма-кет – 24-26 ноябрь кунлари Жезқазған метеорология станциясида максимал ҳарорат бўйича янги рекордлар ўрнатилган: 24 ноябрь куни кундузги ҳарорат +13,3 даража бўлиб, 2004 йилги кўрсаткичдан (+9,6 даража) ошган. 25 ноябрда ҳарорат +10,3 даража бўлиб, 2008 йилги (+8,2 даража) рекордни ортда қолдирган. 26 ноябрда эса ҳаво +12,3 даражагача исиб, яна 2008 йилги рекорд (+9,0 даража) янгиланган.
26 ноябрь куни Қарағанда метеорология станциясида (Қарағанда вилояти) +9,4 даража максимал ҳарорат қайд этилиб, 1971 йилги рекорд (+6,9 даража)дан юқори бўлган.
“Остонада ой давомида ўртача ҳаво ҳарорати +0,3 даражани ташкил этди, бу меъёрдан 5,5 даража юқори (меъёр −5,2 даража). Энг паст ҳарорат 4 ноябрь куни −12,3 даража бўлган. Энг юқори ҳарорат эса 26 ноябрда қайд этилиб, +7,8 даражани ташкил қилди”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг айрим кунларида ёмғир ва қор кўринишидаги кучли ёғингарчилик, туман, музлама ва кучли шамоллар кузатилган. Масалан, 4 ноябрь куни Шуилдақ метеорология станциясида (Туркистон вилояти) 28 миллиметргача кучли қор ёққан, ҳолбуки ойлик меъёр 82 миллиметрни ташкил этади.
13-14, 16, 22 ва 25 ноябрь кунлари Достиқ автоматик метеорология станциясида (Жетису вилояти) шамол тезлиги 32-36 метр/сониягача етиб, бўрон қайд этилган. 15 ноябрь куни Жамбейти метеорология станциясида (Ғарбий Қозоғистон вилояти) кўриш масофаси 50 метрга тушган, 12 соат давом этган кучли туман кузатилган.
20 ноябрь куни Қостанай вилоятида кучли қор ёғиб, бу ойлик меъёрнинг ярмига тенг бўлган: Аршали метеорология станциясида 10 мм (ойлик меъёр 20 мм), Тобол метеорология станциясида эса 11 мм қор ёққан (ойлик меъёр 22 мм).