Қозоғистонда ноодатий янги байрам нишонланади
Олам
−
20 Апрель 5567 2 дақиқа
Қозоғистонда эндиликда ҳар йили 3 сентябрь куни “Қозоқ този ва тўбет итлари куни” расмий байрам сифатида нишонланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 15 апрель куни қабул қилинган Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 278-сонли қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, мамлакатдаги байрам саналари рўйхати янги банд билан тўлдирилиб, мазкур сана алоҳида байрам сифатида белгиланган.
Ушбу ташаббус миллий бойлик ҳисобланган този ва тўбет итларининг зотларини асраш ҳамда уларни кўпайтиришга қаратилган сиёсатнинг давоми ҳисобланади. 2022 йилда Президент томонидан итларнинг ушбу зотларини ҳимоя қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Шундан сўнг, уларни сақлаш ва ривожлантиришга оид қонун қабул қилиниб, амалий чоралар босқичма-босқич йўлга қўйилган.
Кейинги йилларда мутахассислар бу зотли итларнинг сони камайиб бораётганини таъкидлаб, уларни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарурлигини қайд этган. 2024 йилда този зоти халқаро миқёсда расман эътироф этилган. Шундан сўнг, унинг қандай зот экани, қандай белгилар билан аниқланиши ва баҳоланиши Қозоғистон ишлаб чиққан стандартлар асосида белгиланадиган бўлди.
Маълумот ўрнида, този зоти қадимий овчи итлардан бири бўлиб, унинг излари минг йиллик тарихга эга қоятош расмларида ҳам учрайди. Кўчманчи халқлар ҳаётида у тезлиги ва овчилик қобилияти билан қадрланган. Тўбет эса, йирик қўриқчи ит бўлиб, асрлар давомида чорвани бўрилардан ҳимоя қилиб келган. У ўзининг кучи ва содиқлиги билан ажралиб турган.
Бугунги кунда бу икки ноёб зот йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Бунга бошқа зотлар билан аралашиб кетиш ва анъанавий фойдаланишнинг камайиши сабаб бўлмоқда. Шу боис, Қозоғистонда уларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича махсус ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ахалтекин зотли от ва туркман итини совға қилганди.
Live
Барчаси