Қумқўрғонда нефть дарёга оқиб кетди (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёда нефть оқаётгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов муносабат билдирди.

Унга кўра, Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойининг оқим бўйлаб чап томонида нефть сақланадиган вақтинчалик ҳовузлар бўлган. Ушбу ҳовузлар бурғулаш чоғида ер юзасига чиққан нефть хомашёси сойга оқиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг январь-февраль ойларида ERIELL Group компанияси томонидан тупроқдан дамба қилиш йўли билан барпо этилган. Уларда тўпланган нефть махсус техникалар ёрдамида ташиб кетилган.

Кеча, 23 апрель куни Бойсун туманида рўй берган кучли ёғингарчилик оқибатида Хангаронсой сойида сув кўпайиб, вақтинчалик дамбалардан сел-тошқин сувлари тошиб ўтган. Шу сабабли нефть аралашган сув Бандихон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бандихонсойга, у орқали Қумқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёсига қуйилган.

Шу куннинг ўзида Кофурун маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойидаги бир нечта ҳовуз дамбалари ERIELL Group компанияси томонидан тикланиб, сувга нефть оқиб чиқиши тўлиқ бартараф қилинган.

Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сел-тошқин хавфи рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларда назорат кучайтирилиб, кечаю-кундуз навбатчилик ташкил этилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

нефть дарё Қумқўрғон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг