Қурбон ҳайитида эҳтиёжмандлар учун 690 млрд сўм ажратилади
Жамият
−
22 Май 2231 2 дақиқа
Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, оғир хасталикка чалинган беморларни даволаш ҳамда масжид ва қабристонларни обод қилиш учун 690 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 22 май куни эълон қилинган “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, муборак Қурбон ҳайити муносабати билан давлат томонидан кенг кўламли меҳр-саховат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилади. Хусусан, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморлар тиббий текширувдан ўтказилиб, даволанади ҳамда операция қилинади. Камида 350 нафар беморда эса жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилади.
Қарорга асосан, етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, Меҳрибонлик уйлари ва “СОС” болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватан ҳимоясида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари ҳамда “ Taskin Children’s Hospice” шифохонасида даволанаётган болаларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ долларидан пул мукофоти ўтказилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Жойлардаги қабристонларни обод қилиш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни тартибга келтириш бўйича ҳашарларга ҳам старт берилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, барча тадбирлар давлат мақсадли жамғармалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади. Тиббий текширув, операция ва даволаш харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайдиган тиббиёт муассасаларида қопланади. Донорлар билан боғлиқ харажатлар ҳам давлат томонидан молиялаштирилади.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий кенгашлар ташкил этилади. Улар эҳсон тадбирлари, ободонлаштириш ишлари ва ижтимоий ёрдамларнинг манзилли етказилишини мувофиқлаштиради.
Live
Барчаси