“Қўрқоқларча амалиёт”. БАА Эрон ҳужумини кескин қоралади
Олам
−
28 Февраль 8944 4 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Бирлашган Араб Амирликлари Эрон баллистик ракеталари томонидан уюштирилган очиқдан-очиқ ҳужумга учради. Бу ҳақда БАА Мудофаа вазирлиги баёнот эълон қилди.
Қайд этилишича, БАА ҳаво мудофаа тизимлари ракеталарга қарши юқори самарадорлик билан курашган ва бир қатор ракеталарни муваффақиятли тутиб қолган. БАА расмийлари, шунингдек, тураржой ҳудудига тушган ракета парчалари билан боғлиқ вазиятни назоратга олган, ушбу ҳодиса оқибатида моддий зарар етган.
Қулаган парчалар оқибатида бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Расмийлар БААда хавфсизлик ҳолати барқарорлигини ва барча тегишли идоралар воқеалар ривожини тун-у кун кузатиб бораётганини тасдиқлаган.
Вазирлик ушбу ҳужумни кескин қоралаб, БАА фуқаролик объектлари, иншоотлари ва миллий муассасаларнинг нишонга олинишини қатъиян рад этишини билдирган. Бундай ҳаракатлар вазиятнинг хавфли даражада кескинлашуви ҳамда тинч аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ва барқарорликка путур етказувчи қўрқоқларча қилинган амалиёт эканлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, вазирлик ушбу ҳужум миллий суверенитет ва халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши эканини қайд этган. БАА ушбу кескинлашувга жавоб бериш ҳамда ўз ҳудуди, фуқаролари ва резидентларини ҳимоя қилиш, суверенитети, хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилган.
Мудофаа вазирлиги ҳар қандай таҳдидларга қарши туришга тўлиқ тайёр эканини ва мамлакат хавфсизлигига путур етказишга бўлган ҳар қандай уринишларга қатъий зарба бериш учун барча чоралар кўрилаётганини билдирган. Фуқаролар, резидентлар ва меҳмонларнинг хавфсизлиги муросасиз устувор вазифа бўлиб қолиши қўшимча қилинган.
Вазирлик жамоатчиликни фақат расмий манбаларга таянишга, миш-мишлар ёки тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий инфратузилмасига ялпи зарба беришга ўтгани ҳамда Қатар, Баҳрайн, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликларидаги стратегик объектларга бир қатор синхрон баллистик зарбалар бергани хабар қилинган эди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси