Казинолар очилиши тўғри қарор бўлганини вақт кўрсатди – Жапаров
Олам
−
30 Апрель 4965 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 4 йил олдин мамлакатда казиноларнинг фаолияти расмийлаштирилгани тўғри қарор бўлганини айтди. Бу ҳақда у “Kaktus” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Қирғизистонда казинолар фаолиятига рухсат берувчи қонун қабул қилинаётган пайтда бу қарор жиддий баҳс ва хавотирлар келтириб чиқарган эди. Президент Садир Жапаров жамият қаршилигига қарамай, ташаббусни қўллаб-қувватлаган ва Жогорку Кенеш қонун қабул қилган.
Давлат раҳбари бугунги кунда бу қонун қандай ишлаётгани ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаётгани ҳақида айтиб ўтган.
“Казино ҳақидаги қонун – бизнинг сиёсий иродамиз асосида қабул қилинган қарорлардан биридир. Давлат учун бунда ҳеч қандай номақбул жиҳат йўқ. Бу қарор кимнингдир шахсий манфаатлари учун қабул қилинмаган. Вақт унинг тўғрилигини кўрсатди”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжат қабул қилинаётганда Қирғизистон фуқаролари казиноларга қатнай бошлайди ва бу одамлар ҳаётига салбий таъсир қилади деган хавотирлар бўлган.
“Аммо шу вақтгача мамлакат фуқароларининг казиноларга борган бирорта ҳам ҳолати қайд этилмади. Дастлабдан ҳисоб-китоб туристлар ва қўшни давлатларнинг бадавлат фуқароларига қаратилган эди. Бугунги кунда хорижлик бой мижозлар ўз маблағларини Қирғизистонда сарфламоқда, шу билан бирга маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратилмоқда. Илгари, масалан, Кипрда ишлаган минглаб ватандошларимиз қайтиб келиб, ўз юртида ишлаяпти. Мен қарор қабул қилаётганда ҳар доим фақат давлат манфаатларидан келиб чиқаман”, деган Жапаров.
У ҳозир казинолар давлат бюджетига даромад келтираётганини, шу билан бирга фуқаролар зарар кўрмаётганини энг муҳим натижа деб баҳолаган.
“Энг асосийси, мувозанатга эришилди: илгари бой фуқароларимиз чет элда ютқазган миллионлар энди Қирғизистонда хорижликлар томонидан ютқазилаётган маблағлар ҳисобига қопланмоқда”, деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон пойтахти Бишкекда Максим Горкий номидаги боғда казино очилишига қарши митинг бўлиб ўтганди.
Live
Барчаси