Хитой Россия газини уч баравар қимматга қайта сотишни бошлади
Олам
−
02 Апрель 14477 2 дақиқа
Хитой суюлтирилган табиий газни (СТГ) рекорд даражадаги ҳажмда қайта сотишни ва нархлар кўтарилишидан даромад олишни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланганидан сўнг Осиёда СТГ нархлари қарийб 85 фоизга ошди. Бунинг асосий сабаби – дунё СТГ оқимининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози орқали етказиб беришнинг бузилгани бўлди.
Хитойга СТГ импорти ҳам кескин камайди: март ойида у 3,68 миллион тоннани ташкил этди – бу 2018 йил апрелидан бери энг паст кўрсаткичдир. Аммо Хитой Россиядан газ олмоқда ва ўз қазиб олиш ҳажмига эга.
“Қувур орқали етказиб бериш ва ички қазиб олиш барқарор бўлиб қолмоқда”, дейди “Kpler” таҳлилчиси Нельсон Сюн.
Март ойида Хитой 10 тагача СТГ партиясини қайта сотган – бу кузатувлар тарихидаги энг юқори ойлик кўрсаткичдир (ICIS, Kpler ва Vortexa маълумотларига кўра). Йил бошидан бери 1,31 миллион тонна СТГ (19 партия) сотилган, ваҳоланки 2025 йил давомида бу кўрсаткич 0,82 миллион тонна эди. Асосий йўналишлар – Жанубий Корея (10 партия), Таиланд (5), шунингдек, Япония, Ҳиндистон ва Филиппин.
Хитой Россия билан тузилган арзон узоқ муддатли шартномалари ва қиммат спот бозори ўртасидаги фарқдан (арбитраж) фойда кўрмоқда. Россиянинг қувур орқали келадиган гази Хитой учун 1000 куб метр учун тахминан 250 долларга тушади. Шу билан бирга, Осиёда спот нархлари 1000 куб метр учун 830 долларгача кўтарилган. Қайта сотишда Хитойнинг маржаси сотиб олиш нархидан уч баравар юқори бўлиши мумкин. Ҳар бир стандарт СТГ партияси (тахминан 70 миллион куб метр) 40 миллион долларгача фойда келтириши мумкин.
Шунингдек, Хитой Россия СТГсини чегирма билан сотиб олган. “Новатэк” камида ёз охиридан бери Хитой харидорларига “Арктик СТГ-2” лойиҳаси ёқилғиси учун 30-40 фоизлик чегирма тақдим этмоқда. Назарий жиҳатдан, бу ҳам қайта сотишда фойдани ошириши мумкин.
Қайта сотиш ҳажмининг ўсиши Хитойда ички талабнинг камайиши билан боғлиқ.
“Ички талаб сустлиги фонида харидорларга партияларни чет элга қайта сотиш фойдалироқ”, дейди ICIS таҳлилчиси Ван Юаньда.
Март ойидаги қайта сотишнинг қарийб ярми Цзянсу провинциясидаги CNOOC компаниясининг Бинхай терминали ҳиссасига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳонда суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспорти сўнгги олти ой ичида энг паст даражага тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси